Мажбурий меҳнат жавобгарликка сабаб бўлади

 

Ўзбекистон Республикаси 1992 йилдан буён Халқаро меҳнат ташкилотининг аъзоси бўлиб, ўтган давр мобайнида ташкилотнинг 10 дан ортиқ конвенцияларини ратификация қилган. Хусусан, Мажбурий меҳнат, Мажбурий меҳнатни йўқотиш, Болалар меҳнатининг энг ёмон формаларини тақиқлаш ва зудлик билан чоралар кўриш ҳақида конвенцияларга қўшилган. Мажбурий меҳнатга барҳам бериш мақсадида барча соҳаларда қонун ҳужжатлари қабул қилинди ва улар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Конституциянинг 37-моддасида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш тақиқланиши ҳамда қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланаётгани ҳар бир фуқаронинг манфаатлари ҳимоя этилиши, мажбурий меҳнатнинг олди олиниши, кўзимиз қароғи бўлган фарзандларимизни ҳимоя қилиш кафолати мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Яна бир масала. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мамлакатда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 бараварга қисқартиришга бағишланган 85-мақсади доирасида “норасмий ишлаётган 2,5 миллион нафар фуқаронинг бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш орқали уларда ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш” вазифаси белгиланган.

Конституциямизга меҳнат ҳуқуқи бўйича киритилаётган ўзгартириш ёки қўшимчалар ишчи-ходимларнинг меҳнат шароитини яхшилаш учун ҳуқуқий асос яратади. Энг муҳими, норасмий меҳнат муносабатларини легаллаштириш имкони ортади. Норасмий тартибда фаолият юритаётган қанчадан-қанча шахслар ҳақ тўланадиган дам олиш вақтига эга бўлмаган ҳолда ишлашга мажбур бўлишмоқда. Кўплаб ишчилар ҳимоясиз, чегараланмаган вақт оралиғида саломатлигига зарар етган ҳолда меҳнат қилишга мажбур ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Бош қомусимизда хавфсиз меҳнат шароити ҳақида кўзда тутилаётган меъёр эса бу борадаги муаммолар ҳал этилишига ҳуқуқий асосни кучайтиради

Қомусимизда мажбурий меҳнатдан ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш тақиқланиши ҳамда қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланаётгани, юқорида айтилган бошқа меъёрлар халқимиз кутган масалаларга Конституциявий ечим бераяпти, десак хато бўлмайди.

 

Нуриддин ХОЛМАТОВ,

ЎзХДП Жиззах вилояти кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

«Ўзбекистон овози», 20.07.2022, №29

 

 

 

Теглар

Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш