“Миранда қоидаси” инсонни қадрлаш ва ҳимоя қилиш учун зарур

 

Дунё яралибдики, инсоният қайси замонда ёки қайси даврда бўлмасин, ҳамиша ўз мустақиллиги ва эркинлиги учун курашиб келган. Шунинг учун ҳам жаҳон тарихи инсон ҳуқуқлари, унинг эркинлиги ва мустақиллиги учун бўлган курашлар тарихидир десак, асло муболаға бўлмайди.

Ана шундай курашлар самараси ўлароқ, дунёда демократиянинг энг муҳим негизи инсон ҳуқуқи ва эркинлигини олий қадрият сифатида эътироф этадиган, унинг ҳимоясини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган маълум бир мамлакат, минтақа ва халқаро миқёсда амал қилувчи кўплаб тарихий ҳужжатлар қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда гумонланувчи шахс қўлга олинганда, унга ҳуқуқларини тушунтириш бўйича қоидани конституция даражасида мустаҳкамлашни таклиф этди.

Бундай ташаббус ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан гумон қилинувчининг ҳуқуқлари ушланган дастлабки вақтдаёқ хавф остида қолишининг олдини олиш мақсадида илгари сурилмоқда.

Президентимиз ташаббусига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим.

Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши “Миранда қоидаси”да ҳамда амалдаги жиноят процессуал қонунчилигимизда қайд этилган.

“Миранда қоидаси” ҳам ўтган асрнинг 60-йилларида АҚШда ўзига хос “ном қозонган” Эрнест Артуро Миранда номи билан боғлиқдир. Инсон ҳуқуқларига оид дунё мамлакатлари қонунчилиги ривожланишининг эътиборли жиҳати шундаки, инсон ҳуқуқлари бўйича айрим нормалар дастлаб миллий ҳуқуқда пайдо бўлиб, сўнгра халқаро-ҳуқуқий нормалар ва стандартларга айланган.

“Миранда қоидаси” дастлаб сўроқ қилиш олдидан ёки ушлаб туриш вақтида гумон қилинувчи ва айбланувчига қуйидаги ҳуқуқлари тушунтирилишини кафолатлайди:

Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтганларнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, Сиз адвокат билан давлат томонидан таъминланиш ҳуқуқига эгасиз.

Шуни айтиш керакки, “Миранда қоидаси” бугунги кунда барча давлатлар Конституцияси ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда умумэътироф этилган норма сифатида белгиланган.

Жиноят-процессуал кодексининг 48-моддасига мувофиқ, “гумон қилинувчи ўзининг нимада гумон қилинаётганлигини билиш, ушлаб турилганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш, у ушланган ёки гумон қилинувчи, деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш” ҳуқуқига эга.

Ҳозир умумхалқ муҳокамасида бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида “гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин”, деган меъёр акс этишини тўла қўллаб-қувватлайман, жиноят содир этишда гумонланган ёки айбланган шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилмаслик ҳуқуқ-тартибот идораларнинг муқаддас бурчи, деб ҳисоблайман.

 

Боймурод Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

 

Теглар

Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш