Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ҳамкорлигида “Конституция – инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий давлат кафолати” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Университет профессор-ўқитувчилари ва фаол ёшлар иштирокида кечган учрашувда бугунги кунда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар юритилди.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш сари дадил бормоқда. Шу сабабли Ўзбекистон — ижтимоий давлат, деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрланиши кўзда тутилмоқда.
Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади. Мазкур масалалар Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурларида ўрин олган бўлиб, партия электорати, халқ манфаатарига хизмат қилади.
Учрашувда сўзга чиққан Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, ХДП фракцияси аъзолари Конституцияда аҳолига тиббий ва ижтимоий хизматларнинг акс эттиши, инсон қадрини улуғлаш, инсон ҳуқуқлари кафолатини мустаҳкамлаш бўйича белгиланаётган меъёрлар ҳақида атрофлича гапириб бердилар.
Учрашувда иштирокчиларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланди.