Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибидан 8 та қонун лойиҳаси ўрин олган эди. Депутатлар «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси билан боғлиқ фаолиятни тартибга солувчи бирон-бир қонун мавжуд эмас. Бу соҳадаги ижтимоий муносабатлар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат Адлия вазирининг 2021 йил 24 февралдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи билан тартибга солиб келинмоқда. Воҳаланки, дунёнинг кўплаб давлатларида бу масала бўйича алоҳида, қатъий ва аниқ қонунлар қабул қилинган.
Парламентга киритилган қонун лойиҳасининг асосий мақсади мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва бошқа турдаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон яратувчи нормаларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш орқали коррупциянинг олдини олиш ҳисобланади.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли амалга оширишга имкон беради, деб ҳисобланмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Фракция аъзолари меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиши давлат идоралари фаолиятининг самарали йўлга қўйилишида, ижтимоий ҳимоя вазифалари тўғри бажаралишида муҳим аҳамиятга эга эканлигига алоҳида эътибор қаратишди.
Қонун лойиҳасининг бошқа бир қатор аҳамиятли жиҳатлари, электорат манфаатларига хизмат қилишини эътиборга олиниб, биринчи ўқишда маъқулланди.
Йиғилишда депутатлар «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунлар лойиҳаларини электорат манфаатлари нуқтаи-назаридан кўриб чиқилди.
Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистон ХДП фракциясининг жорий йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти юзасидан ҳисобот кўриб чиқилди. Унда келтирилишича, ҳисобот даврида фракция йиғилишларида 62 та қонун лойиҳаси биринчи ўқишда ҳамда 45 та қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинган. Фракциянинг қонун ижодкорлиги режасидан ўрин олган 5 та қонун ва қонун ҳужжатлари лойиҳаларига фракция аъзолари томонидан партия Сайловолди дастуридан келиб чиқиб берилган таклифлар қабул қилинган.
Шунингдек, фракция аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, такомиллаштиришда ташаббускор бўлганлиги айтиб ўтилди. Мазкур ҳужжатга таклифларни ишлаб чиқишда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ифода этишга, жойлардаги ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликларга ечим топиш, шунингдек, сайловчиларнинг фикр-мулоҳазаларига алоҳида эътибор берилгани таъкидланди.
Фракция партия билан ҳамкорликда 38 та қонун лойиҳасининг жойлардаги муҳокамасини ташкил этиб, уларда фуқаролар томонидан билдирилган 120 га яқин таклиф жараёнда инобатга олинган.
Ҳисобот даврида фракциянинг жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантириб келаётган тизимли муаммоларни аниқлаб, ҳал этиш чораларини кўриш, мурожаатлар билан ишлаш ҳамда қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда аҳолининг таклифларини кўриб чиқишга эътибор қаратилгани қайд этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида кун тартибадаги масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.