Ижтимоий ҳимоя стратегия асосида амалга оширилади

 

Ижтимоий ҳимоя аҳолининг яхши яшашига, ўқиб-ўрганиб, ҳунарли бўлиб, меҳнат қилиб, асосийси, ҳуқуқларни амалга ошириб, фаол бўлишга замин яратади.

Куни-кеча Президентимиз яна бир муҳим ҳужжатни – Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармонни имзолади.

Ҳаммамизга маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Маҳаллаларда янги тизим, янги лавозимлар жорий этилиши, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ташкил этилиши ҳам халқимизни рози қилишга, инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Фармонда кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш асосий мақсад қилинганлиги муҳим аҳамият касб этади. Юртимизда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими жорий қилинганлиги, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар сони охирги уч йилда тўрт баробарга ошганлиги, уларнинг сони 1,9 миллионга етганлиги эътирофга лойиқ.

Кам таъминланган оилалар фарзандларини парваришлаш учун тўланадиган нафақа тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшга оширилди, тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача ҳамда нафақа миқдори ўртача 1,5 баробарга оширилди. Жойларга чиққанимизда сайловчиларимиз яратилган тизимдан рози эканликларини билдиришмоқда. Чунки, нафақа тайинлаш олдин маҳалла ваколатида эди. Бу эса нафақа тайинлашда нохолисликлар, таниш-билишчилик, коррупцион ҳолатларга олиб келгани ҳеч кимга сир эмас.

Қайд этиш ўринлики, давлат дастурида ҳам ижтимоий соҳаларга устувор аҳамият берилиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилаётгани партиямизнинг дастурий мақсадларига тўла мос келади.

Фармонга келсак, унда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишлари белгилаб олинган. Жумладан,

— ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ижтимоий нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган барча оилалар ва шахсларни ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олиш;

— мажбурий ижтимоий кафолатлардан, шу жумладан ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланиш имкониятини соҳани рақамлаштириш ҳисобига кенгайтириш, шу жараёнга очиқлик ва шаффофлик тамойилларини жорий қилиш;

— аҳоли учун мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;

— ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш ҳамда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш;

— аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортапедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш;

— ижтимоий хизматларни аҳолига бевосита маҳалла даражасида кўрсатиш амалиётини жорий этиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилмоқда.

Шунингдек, фармонда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси, стратегиянинг мақсадли кўрсаткичларини 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ижтимоий суғурта жамғармасини Молия вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган тарзда ташкил этиш, жамғарма фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилмоқда.

Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб, минимал истеъмол ҳаражатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланиши белгиланмоқда. Бу каби ўзгаришлар, имкониятлар минг-минглаб аёлларимизни хурсанд қилади, десак муболаға эмас.

Бу ислоҳотларнинг барчаси инсон қадрини улуғлашга, аҳолини рози қилишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш