Ярим йиллик сарҳисоб: ХДП фракцияси қандай натижаларга эришди?

 

Жорий йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси томонидан журналистлар учун брифинг ўтказилди. Унда фракциянинг 2022 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти юзасидан ахборот берилди.

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш, кам таъминланган, пенсионер ва ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар қилинди.

Фракциянинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятини ҳамда бошқа тадбирларини самарали ташкил этиш мақсадида 2022 йилга мўлжалланган “Чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Шу даврда Ўзбекистон ХДП фракция аъзолари 1 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлди. Жойларда 38 та қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирлар ташкил этиб, уларда фуқаролар томонидан билдирилган 120 га яқин таклиф қонунларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнида инобатга олинди.

Брифингда таъкидланганидек, ўтган даврда фракция ташаббуси асосида қонунларнинг, турли соҳалардаги дастурларининг ижроси, ҳудудлардаги ўрганишлар давомида аниқланган тизимли камчилик ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган 1 та “ҳукумат соати” ўтказилган.

Депутатлар жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантириб келаётган тизимли муаммоларни аниқлаб, ҳал этиш чораларини кўришга алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, фракция аъзолари томонидан долзарб масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига 24 та депутат сўрови юборилди. Депутатлар томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда 12 маротаба назорат-таҳлил тадбири ўтказилди.

Брифингда фракциянинг партия билан ўзаро алоқалари мутлақо янгича кўринишда йўлга қўйилиб, улар томонидан жойлардаги муаммо ва камчиликларни ҳал этишга қаратилган “Депутат маҳаллада”, “Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш”, “Депутат ва ёшлар учрашуви” ва бошқа шу каби лойиҳалар амалга оширилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш