30 июль – Халқлар дўстлиги куни Дўстликка садоқат, ҳамжиҳатлик – улуғ фазилат

 

Миллатлараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Буни юртимизнинг ҳар бир нуқтасида, ҳар дақиқада кўришимиз ва ишонч ҳосил қилишимиз мумкин. Энг муҳими, бизнинг орзуларимиз, мақсадларимиз, қарашларимиз, манфаатларимиз бир. Кечамиз бугунимиз, келажагимиз, танлаган йўлимиз бир.

130 дан ортиқ миллат вакиллари яшайдиган Она Ватанимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барчамиз учун. Барчамиз улардан биргаликда баҳраманд бўлаяпмиз.

30 июль - Халқлар дўстлиги куни арафасида Тўрткўл туманида умргузоронлик қилаётган бир неча миллатлар вакиллари билан биргаликда ўтказган мароқли учрашувларимизда бу яна бир бор ўз исботини топди. Бу мулоқотлар бир-биримизга бўлган меҳримизни янада кучайтирди, янада тўлқинлантирди, янада жипс, янада аҳл бўлишга ундади.

Тумандаги “Тозабоғёп” овулида истиқомат қилувчи қозоқ миллатига мансуб ҳамюртларимизнинг шу овулни ватан қилганига сал кам юз йил бўлибди. Қозоқ миллий либосларида бизни кутиб олган ёши улуғ инсонлар, қиз-келинларнинг юз-кўзида розилик ҳисси шундоққина кўриниб турарди.

Қозоқ йигит-қизларининг дўмбира чалиб айтаётган қўшиқларини тинглар эканман, ястаниб ётган саҳролар, карвон тортиб бораётган туялар, оппоқ ҳарир рўмолларини шамол учираётган қозоқ қизлари, уларни олисдан кузатаётган забардаст ошиқ йигитлар кўз ўнгимга келарди.

– 77 ёшдаман, – дейди Парахат оға Бойсеитов. – Боболаримиз 1926 йилда шу ерга кўчиб келишган. Фарзандларимиз шу ердаги 25- сонли мактабда ўз она тилида таълим олишади. Қанча-қанча ўғил қизларимиз олий маълумотли бўлиб мамлакатимизнинг турли ҳудудларида хизмат қилишмоқда. Сал кам бир асрки шу овулда қозоқ, ўзбек, қорақалпоқ, туркман халқлари бир-биримиз билан дўст-қадрдан, оға-ини, қуда-анда бўлиб яшаб келаяпмиз. Бирор марта “сан-ман”га борганимизни эслай олмайман. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади, албатта.

Тўрткўл туманидаги “Калтаминор” ОФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи туркман қардошларимиз билан суҳбатларимиз ҳам ўзгача мароқли бўлди. Ял-ял ёниб турган миллий либосдаги туркман қизларини кўриб, Муҳаммад Юсуфнинг машҳур шеъри билан айтилган қўшиқ само узра жарангларди, гўё.

Шу овулдаги 51-мактабда ўтказилган учрашув менга ўқувчилик даврларимни, туркман миллатига мансуб мактабдош дўстларим ва қўлимга қалам тутқазиб илк ҳарфни ўргатган устозимни эслатди. Биз, ўзбек ва туркман ўғил қизлари бир мактабда ёнма-ён синфларда таҳсил олганмиз.

Мен Ўзбекистонни турли анвойи гуллар кўкарган гулзорга ўхшатаман, бу ерда ҳар бир миллат бир гулдай очилиб яшамоқда, – дейди меҳнат фахрийси Гурбанберди Велбегов. – Қадимда одамлардан миллатинг нима деб эмас, кимнинг умматисан, деб сўрашган. Асосийси бизнинг инсонлигимиз, инсонийлигимиздир.

Гурбанберди оға сўзида давом этар экан, ёшларни миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида урғу берди. Фарзандларимизни ёшлигидан бошлаб бошқа миллатларга ҳурмат руҳида тарбиялашимиз, аслимиз туркий халқлар эканлигини, тарихимиз уйғунлигини уларга уқтириб боришдан чарчамаслигимиз керак, дейди у.

Миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмасини томоша қилар эканмиз, туркман хотин-қизлари оғирлиги 36 килограммгача етадиган тақинчоқларини тақиб юришганини эшитиб ҳайратга тушдик.

Тўрткўл туманининг биргина “Оққамиш” ОФЙ ҳудудида мингдан ортиқ қорақалпоқ аҳли ўз орзу-мақсадлари учун интилиб ҳаёт кечирмоқдалар. Қорақалпоқ ёшлари овулдаги 67 сонли мактабда ўз она тилида таҳсил олади.

 – Бу ерда ўзбек, қозоқ, туркман қардошларимиз билан бирлашиб кетганмиз, – дейди 54 йилдан бери ўқитувчилик қилаётган Ўразимбет оға Қурбонбоев. – Ота-боболаримиз 1930- йилларда шу ерга келиб макон қилишган. 76 ёшдаман, 4 нафар фарзандим, 12 набирам бор. Мактабда дарс ўтиш жараёнида, албатта, миллатлараро дўстлик масаласига алоҳида эътибор қаратиб келганман. Элдаги тўй-маракаларда ёшлар хизматда, кексалар ўгит насиҳатда бўламиз. Тинчилик-тотувликка ҳеч нарса етмайди. Эришаётган барча ютуқларимиз, фаровонлигимиз асоси энг аввало тотувлигимиз, ҳамжиҳатлигимиздир.

Маълумот учун, Тўрткўл туманидаги жами 221 мингдан ортиқ аҳолининг 139 минг 88 нафарини ўзбек, 53 минг 607 нафарини туркман, 13 минг 783 нафарини қорақалпоқ, 12 минг 608 нафарини қозоқ, 711 нафарини рус, 151 нафарини татар, 80 нафарини қирғиз, 56 нафарини украин, 42 нафарини яҳудий, 38 нафарини тожик ва бошқа миллатлар вакиллари ташкил этади.

Бир ҳақиқат борки, қаерда дўстга садоқат, якдиллик, ҳамжиҳатлик, ўз тилимизда айтганда, оғзибирчилик бўлса, орага ҳеч қачон, ҳеч қандай ёвуз куч кира олмайди.

 

Назира Матяқубова,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш