Конституциявий ислоҳотлар — инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади

 

Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг шундай сўзлари бор: "Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади". Бу сўзлар замирида жуда катта маъно-мазмун бор. Зеро, ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси Конституция ва қонун устуворлиги таъминланиши билан бевосита боғлиқ.

Шу жиҳатдан, бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, туман ва шаҳарлар, маҳалла ва гузарларда ўтказилаётган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган турли тадбирларда аҳолига қонун лойиҳаси мазмун-моҳияти ҳақида кенгроқ маълумотлар бериш баробарида, халқимиз таклифлари, фикр-мулоҳазалари ҳам олинмоқда.

Биз ҳам Фарғона вилоятидаги учрашувларимиз давомида корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда қатор учрашувлар ташкил этиб, юртдошларимизга қонун лойиҳасида назарда тутилаётган янги нормалар ҳақида тушунчалар бердик. Мулоқотларимиз чоғида фуқароларимиз Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни якдиллик билан қўллаб-қувватлаётгани очиғи, бизни ғоят мамнун этди.

Хусусан, улар инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласига оид нормаларни алоҳида эътироф этиб, қонун лойиҳасида халқимиз томонидан берилаётган ҳар бир таклиф ўз ифодасини топаётганини, янгиланаётган Конституция том маънода халқимиз фикр-мулоҳазалари, таклифлари асосида маромига етказилаётганини баралла айтмоқда.

Бош қомусимизда сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, экологияга устувор аҳамият қаратиш, хусусий мулк ҳимоясини муҳофаза қилиш, коррупцияга қарши курашиш каби масалаларда конституциявий кафолатларни кучайтиришга оид нормалар акс эттирилишини билдирмоқда.

Масалан, қонун лойиҳасининг 13-моддасини олайлик. Ушбу моддада “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга мувофиқ инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш, уларни ҳимоя қилиш давлатнинг мажбуриятидир”, деб белгилаб қўйилмоқда.

Бу ўз навбатида, мамлакатимизни том маънода ҳуқуқий давлат деб эътироф этишга асос бўладиган оддий халқнинг юрагида армон бўлиб юрган истак ва ниятларини рўёбга чиқаришга қаратилгани билан қувонарлидир.

Конституциявий қонун лойиҳасининг 27-моддасига киритилиши таклиф этилган “Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди”, деган норма аҳолини кўп йиллардан бери қийнаб келаётган “снос” хавфидан халос этиш имкониятини беради.

Умуман, қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар аввало “инсон қадри учун” деган тамойилни рўёбга чикаришга қаратилган бўлиб, уларнинг салмоқли қисми фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқларини, шу жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳукуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтирилишини назарда тутувчи нормалардир.

Мухтасар айтганда, инсон қадр-қимматини юксалтиришга йўғрилган янги Конституциявий қонун лойиҳасида халқимизнинг кўнглидаги, дилидаги фикр-мулоҳазалар, таклифлар ўз ифодасини топган. Шу жиҳатдан, янгиланган Конституция юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиши муқаррар.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш