Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши медиа марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. ЎзХДП фракцияси аъзолари, Марказий Кенгаш масъул ходимлари, Халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашидаги партия гуруҳлари аъзолари, партиянинг вилоят, туман кенгаши раҳбарлари масъул ходимлари иштирок этган тадбирда партиянинг сайловолди дастурида, давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларини ҳимоя қилиш бош мақсад қилиб олингани алоҳида эътироф этиб ўтилди.
Йиғилишда маъруза қилган Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошқарма бошлиғи Боймурат Юсупов сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасида аниқ механизм яратиб берилди. Жумладан, ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш ҳамда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш; аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш; ижтимоий хизматларни аҳолига бевосита маҳалла даражасида кўрсатиш амалиётини жорий этиш билан бирга ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун ариза берувчиларнинг муҳтожлик даражасини аниқлаш жараёнларини соддалаштириш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш жараёнларини тезлаштирилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, Ижтимоий ҳимоя бўйича стратегиянинг қабул қилиниши БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари - камбағалликни камайтириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ҳамда аёллар, эркаклар, шу жумладан ёшлар ва ногиронларни тўлиқ, фойдали ва муносиб иш билан таъминлашга эришишга ёрдам беради.
Давра суҳбатида сўзга чиққан Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти хусусида гапириб, ҳужжат партиянинг сайловолди ғоявий дастурлари билан ҳамоҳанг эканлигига урғу берди.