ЎзХДП фракцияси: эҳтиёжмандларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам тизимли бўлиши зарур

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар дастлаб Пробация тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.

Маълумки, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати энг қимматли бойлигидир. Уни камситишга йўл қўйилмайди. Бу қоида қонунларимизда қатъий белгилаб қўйилган бўлиб, жинояти учун жазони ўтаётган маҳкумларга ҳам тегишлидир.

Мамлакатимизда жиноят содир этган шахсларни ахлоқан тузатиш, жамиятдан ажратмаган ҳолда жамоатчилик билан узвий ҳамкорликда қайта тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилаяпти. Шулардан бири пробация хизматининг йўлга қўйилганидир.

Қонун лойиҳасида пробациянинг асосий тамойилларига тузатишлар киритилиб, айрим принциплар пробация хизмати фаолиятини бевосита тартибга солмаслиги сабабли лойиҳадан чиқариб ташланмоқда. Хорижий давлатларнинг шу йўналишдаги қонунчилиги ўрганилиб, пробация қонунийлик, инсонпарварлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш, дифференциация қилиш ва индивидуаллаштириш, ошкоралик принципларига асосланиши белгилаб қўйилмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилар экан, инсон қадри, шаъни, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши билан бирга, жиноят қайта содир этилишининг олдини олиш ҳамда маҳкумларни ахлоқан тарбиялашда ҳам мазкур ҳужжатнинг ўрни катта эканига эътибор қаратди. Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида партиянинг ғоявий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, уни янада такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини бериб, ҳужжатни маъқуллашди.

Йиғилишда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига, электорат манфаатларига ҳар томонлама мос келишини, кам даромадли фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланишида муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлашди.

Маълумки, давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат жиноят ишларини юритишда кўрсатилиб, маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича давлат ҳисобидан бепул ёрдам кўрсатиш назарда тутилмаган. Бу кам таъминланган фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган малакали юридик ёрдамдан тўлиқ фойдалана олмаслигига олиб келмоқда. Мисол келтирилишича, 2021 йилда маъмурий судлар томонидан кўрилган 15 мингга яқин ишлардан 4 мингдан ортиғи пенсия ва нафақа тайинлаш масаласи билан боғлиқ бўлган. 2021 йилда фуқаролик ишлари бўйича судларда 519 мингга яқин ишлардан қарийб 148 мингтаси хотин-қизлар даъво аризалари асосида кўрилган.

Таъкидланишича, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этишнинг шаффоф механизми жорий этилмаганлиги “чўнтак адвокатлари” ва бошқа коррупциявий омиллар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.

Асосий масалалардан бири давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштирувчи ягона орган белгиланмаганлиги бюджет маблағларининг самарали сарфланмаслиги билан боғлиқ. Ваҳоланки, кейинги 3 йилда юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун 111,9 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Янги қонун лойиҳаси жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш, юридик ёрдам олиш ва одил судловга эришишда имкониятлар тенглигини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилган ҳолда, қўллаб-қувватланди.

ЎзХДП фракцияси бошқа қонун лойиҳаларини ҳам муҳокама қилиб,тегишли қарорлар қабул қилди.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш