Депутатликка номзоднинг сайловолди дастури: муҳокама, мунозара, таклиф ва тавсиялар хусусида...

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Сирдарё вилояти Сирдарё туманида “Сайлов жараёнларида халқ депутатлари махаллий Кенгашларига Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурини ишлаб чиқиш” мавзусида ўқув семинар ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари шунингдек, Ўзбекистон ХДП минтақавий кенгаши ижро аппарати ҳамда туман партия кенгашлари раислари ва масъул ходимлар, партия фаоллари иштирок этди.

Қайд этилдики, бу йилги сайловлар янги ҳуқуқий шароитда ўтказилади. Демократик ислоҳотлар чуқурлашиб, сиёсий партиялар ўртасида рақобат муҳити кучайган ҳозирги шароитда сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият турибди. Албатта, ҳар бир сиёсий кучнинг ушбу муҳим сиёсий жараёндаги кучи ва салоҳиятини кўп жиҳатдан депутатликка номзодлар белгилайди. Нафақат партиянинг дастури ва Сайловолди дастури, балки депутатликка номзодларнинг сайловолди дастури ҳам ҳар томнлама пишиқ ва пухта бўлиши, сайлов округидаги муаммоларни ўзида акс эттириши талаб этилади.

Иштирокчиларга сайлов жараёнларида Ўзбекистон ХДП фаолияти, дастурий мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш йўллари, бу борада жамоатчилик билан ишлаш технологиялари, минтақавий партия кенгашларининг ахборот хизмати ва уларнинг масъул ходимларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш масалалари бўйича тушунча ва тавсиялар берилди.

 

Депутатликка номзод қандай ҳуқуқларга эга?

– Депутатликка номзод ҳудудий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин ҳудудий сайлов комиссиясидан депутатликка номзод этиб рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олади, – деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова. – Номзодлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида, телевидение ва радио орқали сўзга чиқиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод бўлиш ҳуқуқига эга. Номзодларга ва сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ташвиқот учун тенг шароитлар яратилади. Сайловчилар билан учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади. Сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка комиссиясига маълум қилинади, мазкур комиссиялар бу ҳақда сайловчиларни олдиндан хабардор қилади. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт. Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, рўйхатга олинган барча номзодлар тенг ҳуқуқларга эга бўлади.

 

Ишончли вакил қандай бўлиши керак?

– Туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод уч нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли, – дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов. – Таъкидлаш жоизки, сиз яхши биладиган ва унга чиндан ишонадиган кишигина ишончли вакил бўлиши мумкин. Ишончли вакилликка турли ёшдаги, турли касбдаги, сайлов округидаги исталган давраларда сўзга чиқа оладиган ва ўз номзодининг юзини ерга қаратмайдиган, округ аҳолиси ўртасида обрў қозонган кишиларни танлаган маъқул. Унинг одамлар ўртасидаги обрў-эътибори, иши ва хатти-ҳаракатлари Сизга сайловчиларнинг ишончини қозонишингизга, сайловда ғалабага эришишингизга қаратилган бўлиши керак. Яна бир тавсиямиз шундан иборатки, ишончли вакилларингизни рўйхатдан ўтказишдан олдин уларнинг ишлайдиган жамоаларининг ва яқин кишиларининг сизнинг танловингизга муносабатлари билан қизиқинг. Ишнинг натижаси кўп жиҳатдан бунга ҳам боғлик. Сизнинг оммавий чиқишларингизда иштирок этмаган, сайловолди дустурингиз билан таниш бўлмаган ишончли вакилларингизга сайловчилар ҳузурида Сизнинг номингиздан сўзга чиқишларига йўл қўйманг. Шу маънода айтадиган бўлсак, ишончли вакилларингиз таниқли, обрўли хатти-ҳаракатлари ва ташқи қиёфалари ёқимли, вазмин ва сайловчилар билан муомала қила оладиган кишилар бўлишлари керак.

 

Сайлов округидаги муаммолар депутатликка номзоднинг дастурида қандай акс этиши керак?

Семинарда, шунингдек, сайлов округидаги муаммоларни ўрганиш ва уни партиядан кўрсатилган номзоднинг дастурида акс эттирилиши бўйича қизғин муҳокама бўлди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши вакиллари йиғилганларга бу ҳақида ўз тавсияларини баён қилишди

– Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди Дастури - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзоднинг ўз дастурини ишлаб чиқиш учун асосдир, – деди ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Шерзод Содиқов. – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзоднинг дастури билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига депутатликка номзоднинг дастури ўртасидаги фарқ қандай бўлиши керак?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзоднинг дастурида, энг аввало, қонунлар қабул қилиш ҳамда уларнинг бажарилишини парламент томонидан назорат қилиш орқали муаммоларни ечишга кўмаклашиш ва аниқ бир сайлов округидаги сайловчиларнинг давлат манфаатларига жавоб берувчи эҳтиёжларини ҳисобга олиш масалалари акс этиши керак. Депутатликка номзод у ёки бу қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этишни мўлжаллар экан, ундаги муаммолар номзоднинг касби, малакаси ва ихтисоси бўйича олган билимига ва ҳаётий тажрибасига мос келиши лозим.

Барча даражадаги депутатликка номзоднинг сайловолди дастурида қўлланиладиган асосий қоидаларга тўхталадиган бўлсак, бу аввало, инсон фаровонлиги йўлидаги умумхалқ, умумдавлат манфаатларининг устуворлигини ифода этиши керак. Шунингдек, иқтисодий жиҳатдан асосланмаган таклифларни киритиш ва асоссиз ваъдаларни беришдан ўзини тийиш, кўрсатилаётган муаммоларни шу жойнинг ўзидаги мавжуд имкониятларига таянган ҳолда ҳал этишнинг асосланган йўлларига эътиборни қаратиш талаб этилади.

Депутатликка номзоднинг сайловолди дастурида сайлов округидаги фуқароларни қизиқтираётган ҳаётий масалалар албатта, ҳисобга олиниши керак.

Ҳудудлардаги айрим муаммоларни фақат давлатнинг ёрдами билан эмас, балки сайловчиларнинг шахсий ташаббуслари орқали ҳал этиш имконияти бўлади. Жойлардаги муаммоларни Ўзбекистон ХДП Сайловолди Дастури билан таққослаб кўриш лозим. Депутатликка номзод ўз ҳудудида аҳолини ўйлантираётган масалалар, партия дастурида бу борада илгари сурилган ғоялар ҳамда сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган масалаларни ҳисобга олиб ўз дастурини тузиши лозим.

Шубҳасиз, дастурда маҳаллий шарт-шароит ва имкониятлардан келиб чиқиб, одамлар турмуши учун муҳим бўлган маҳаллий, аниқ объектлар, тармоқлар, корхоналар, аҳоли истиқомат жойлари ва экологик зоналар, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият муассасаларининг аҳволи ва фаолиятига оид масалалар кўрсатилади. Агар номзод у ёки бу ҳолдаги амалий чора-тадбирларни таклиф қилса, у ҳолда иқтисодий асослашга доир бир-иккита рақамни изоҳи билан келтириши, шунингдек кутилаётган ижобий натижани очиб бериши даркор.

Шунингдек, семинар иштирокчиларига сайлов жараёнларида Ўзбекистон ХДП фаолияти, дастурий мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш йўллари, бу борада айниқса, жамоатчилик билан ишлаш технологиялари, минтақавий партия кенгашларининг ахборот хизмати ва уларнинг масъул ходимларининг касбий, ижтимоий-сиёсий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган тавсиялар берилди.

Ҳудудий партия ташкилотлари томонидан жойларда сайловчилар билан бўладиган учрашувларда тарғибот ишларининг самарадорлигини оширишда уларда кўпроқ интерактив ва сиёсий технологиялардан унумли фойдаланиш лозимлиги юзасидан тегишли кўрсатмалар ҳам берилди.

Маърузалардан сўнг иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича ўзаро фикр алмашишди.

Савол-жавоблардан сўнг маърузалар юзасидан семинар иштирокчилари ўртасида семинар-тренинг ўтказилди. Унда интерактив баҳс–мунозаралар бўлиб ўтди. Иштирокчилар гуруҳларга бўлинди ҳамда белгиланган қизиқарли саволномалар асосида тақдимотлар бўлиб ўтди.

Шундан сўнг гуруҳлар бўйича алоҳида семинар машғулоти (мастер-класс) ташкил этилди. Маърузаларда кўрилган масалалар юзасидан интерактив машуғулот ташкил этилди. Қатнашчилар икки гуруҳга бўлинган ҳолда сайлов округидаги муаммоларни ўрганиш ва уни партиядан кўрсатилган номзоднинг дастурида акс эттирилиши ҳолати ҳамда партия дастурий мақсадларини тарғиб қилишда сиёсий технологиялардан фойдаланиш йўллари тўғрисидаги саволларга жавоб беришди.

Сўров ва гуруҳ тақдимотлари натижалари таҳлили экспертлар иштирокида кўриб чиқилди ва уларнинг хулосалари тақдим этилди.

Бир сўз билан айтганда, семинар иштирокчилари бугунги кунда сайлов қонунчилигида амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар ва уларнинг мазмун-моҳияти ва ижтимоий аҳамияти юзасидан қисқача маълумотга эга бўлишди. Шу билан бирга Ўзбекистон ХДПнинг барча даражадаги партия ташкилотларида ходимлар олдида турган долзарб вазифалар ва уларни адо этиш йўллари, бунда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар хусусида тегишли тавсиялар олишди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш