Қўшнинг тинч – сен тинч

 

Мамлакатимизнинг бугунги кундаги устувор ижтимоий-сиёсий ташаббусларидан бири Афғонистон муаммосини тинчлик йўли билан ҳал этишга қаратилган.

Қўшнинг тинч – сен тинч, деган мақол бор.

Президентимиз қўшни афғон юртида тинчлик ва барқарорлик таъминланиши йўлида эътиборга молик саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Йирик халқаро ташкилотлар йиғилишларида, нуфузли минбарлардан туриб аниқ таклифларни илгари сурмоқда. Буларнинг барчаси, албатта, Афғонистон ва минтақа осойишталигига, фаровонлигига хизмат қилади. Жорий йил 25-26 июль кунлари Тошкентда ўтказилган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” мавзусидаги халқаро конференциясининг мақсад ва вазифалари ҳам ушбу муаммоларни ҳал этишга қаратилди.

Тадбирда Президентимиз Афғонистон бўйича халқаро конференция иштирокчиларига ўз мурожаатномасини йўллади. Унда дастлаб, жаҳон ҳамжамиятини Афғонистонда тинчликни ўрнатишга қаратилган ҳар қандай мулоқотлардан қайтмаслиги, аввалги хатоларни яна такрорламаслиги ҳақида сўз юритилди. Юртбошимиз Амударёнинг нариги соҳилида тинчлик бўлмаса – Ўзбекистонда ҳам, бутун Марказий Осиё минтақасида ҳам хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши гуманитар вазиятнинг янада ёмонлашувига олиб келиши, шу боис бунга йўл қўймаслик зарурлиги айтилди.

Мурожаатномада Президентимиз жаҳон ҳамжамиятини Афғонистон расмийларининг мамлакатни можародан кейинги тикланиши, мустақил, барқарор ва ўзини ўзи таъминлайдиган давлат барпо этиши борасидаги саъй-ҳаракатларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга чақирди. Шу билан бирга давлат бошқарувида афғон жамиятининг барча қатламларидан вакиллар кенг иштирок этадиган таркибни шакллантириш, инсон, айниқса, хотин-қизлар, барча миллий ва диний гуруҳларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатишнинг фундаментал асоси бўлиши таъкидланди.

Албатта, ушбу мақсадларга эришишда Афғонистон ҳукуматидан терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишлари, халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиши талаб этилади. Конференциянинг долзарблиги Афғонистонда бир йил ўтса-да, ҳамон беқарорлик сақланиб қолаётгани билан боғлиқ. БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссиясининг жорий йил 20 июлида эълон қилинган ҳисоботига кўра, 2022 йилда Афғонистонда инсонпарварлик ёрдамига муҳтожлар сони 2021 йил бошидаги 18 миллион 400 минг кишидан 24 миллион 400 минг кишига кўпайган. Халқаро ҳамжамият, шу жумладан Ўзбекистон ҳам вазият кенг миқёсдаги инқирозга айланиб кетмаслиги учун афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатмоқда.

“Ўзқишлоқхўжаликмаш”нинг ғалла, уруғлик, калийли ўғитлар, қишлоқ хўжалиги техникаси ва саноат маҳсулотлари етказиб беришни давом эттириш, давлатлараро темир йўл тармоқларини, Сурхон – Пули – Хумри электр узатиш линиясини, Термиз шаҳрида Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштириладиган инсонпарварлик ёрдами юкларини қабул қилиш ва тарқатиш маркази ҳамда темир йўллардан фойдаланиш ва таъмирлаш бўйича афғонистонлик мутахассис-муҳандисларни тайёрлаш ўқув марказини барпо этиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Конференциянинг яна бир аҳамиятли тарафи, унда Афғонистоннинг транспорт-транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича лойиҳаларни кўп томонлама форматда муҳокама қилишга қаратилганлиги бўлди. Бу борада “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилишини ташкил этиш ва Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон газ қувури лойиҳасини ишга тушириш бўйича белгилаб олинган ишларни эслатиб ўтиш ўринлидир.

Хулоса қилиб айтганда, Тошкент шаҳрида уюштирилган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” мавзусидаги халқаро конференцияси Афғонистоннинг давлатлар ҳамжамиятида ҳуқуқий мақомга эга бўлишига, халқаро яккаланиб қолишдан халос бўлишга ва унинг минтақавий, жаҳон сиёсий ва иқтисодий муносабатларига қўшилиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга бевосита таъсир қилади.

 

Ҳусан Абдуниёзов,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

ЎзА

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш