Инсон учун сўз, фикрлаш ва мулоқотнинг аҳамияти ҳақида Алишер Навоийдан ўтказиброқ ҳеч ким айтмаган:
“Сўздурки, нишон берур ўлукка жондин”
Гапирмайдиган одамнинг қуруқ танадан, ўликдан фарқи қолмайди. Бошқанику, майли, тил, мулоқот бўлмаса одам ўзини тушунмайди. Минг йиллар давомида қанча меҳнат, машаққатлар билан бунёд этилган дунёнинг туб асосида ҳам фикрлаш, мулоқот туради. Мулоқот кўнгиллар қулфини очиб, мамлакатни, бутун оламни обод қилади.
Буюклик – мулоқотдан
Қадимги тамаддунлар минг йиллар узоқда қолган бўлса ҳам, оддийлиги, табиий жозибаси, қандайдир сирлилиги билан одамни ҳаяжонлантиради, ҳайратга солади. Масалан, қадимги Греция, Рим ҳақида ўқиганда, фильмлар кўрганда нимадир ҳикмат қидирамиз. Уларнинг буюклиги мулоқот билан ҳам боғлиқ.
Милоддан анча аввалги асрларда кундалик ҳаётга доир муҳим масалалар бозорларда муҳокама этилган, кейинчалик билим, мунозара, таклиф, қонун-қоидалар муҳокама этиладиган марказлар – Агоралар шаклланган. Улар бора-бора нафақат иқтисодий, шу билан бирга, маъмурий марказлик ҳам қилган.
Қадимги Римда ҳам бозорлар асосида шаклланган Форумлар жамиятнинг турли қатлам вакиллари мулоқот қиладиган, фикр алмашадиган, яшаш қоидалари биргаликда белгиланадиган марказлар вазифасини бажарган. Форумлар кейинчалик халқ кенгашлари ўтказиладиган сиёсий марказларга айланади.
Агоралардаги археологик қазишмалар у ерда одамлар жуда қадимдан яшаб келганини исботловчи далилларни кўрсатган. Одамзод энг бошидан бир бўлиб, кўриб-кузатиб, гаплашиб, фикр, таклиф алмашиб яшашга интилгани, ўша замонлар учун етук тараққиёт даражасига эришгани аввало, мулоқот мевасидир.
Буюк юнон маданияти, Римнинг улуғлиги фикрлашиш, мунозарадан, муҳокамага очиқлигидан келганга ўхшайди. Юнонларни, Римни легионлар, гладиаторлар эмас, мулоқотга очиқлик буюк қилган, десак бўлади.
Тарих шахсларни, шахслар янги тарихни яратади
Юнонларда, Қадимги Римда сенат, парламент шаклланган замонларга келиб, мулоқотга очиқликнинг яна бир муҳташам сири очилиб бошланган. Мулоқот, эркинликка садоқат буюк шахслар униб-ўсишига кафил, меҳрибон она бўлади.
Халқ-мамлакат фикрга очиқлик, эркинликни қадрият, анъанага айлантирса, шу муҳитда етишиб чиққан шахслар бир кун келиб нафақат халқ-мамлакатни, бутун оламни турли билимларда янги, юксак мартабаларга кўтариб чиқади. Гомер, Геродот, Гиппократ, Суқрот, Аристотель, Архимед… Улар ҳам кичкиналигида кўча чангитиб чопиб юрган болалар эди. Эркинлик, мулоқот, билим учун очиқ муҳит бўлмаса, қўр бўладиган қадриятлар шаклланмаса, буюклар эмас, сал каттароқлари ҳам етишиб чиқмайди.
Агоралар, форумлар, парламентда нафақат одамзод қандай қоидалар асосида яшашига, давлату жамият ривожланишига тааллуқли муҳим масалалар муҳокама қилинадиган мўътабар макон, илғор фикрлар, баланд қадриятлар, метин характерлар манбаи ҳам бўлган. Чангли ва тутунли шаҳар марказида жойлашган мулоқот биноларидаги мунозаралардан ён-атрофга, бутун мамлакатга маърифат, қадриятлар ҳам оқиб чиққан.
Сенат, парламент мажлислари ўтказилаётганда асосан эшиклар очиқ турган, шаҳарнинг иқтисодий, маъмурий, сиёсий марказида ҳунару меҳнатда, бозор-ўчарда, ибодатда, илм ва янгилик талабида юрган жамоатчилик, турли қатлам вакиллари қандай масалалар кўрилаётганини, ким нима ҳақида гапираётганини билиб турган. Қарор қабул қилувчилар ҳам бундан бохабар иш тутган. Жамоатчиликнинг кайфияти, муносабати қарорлар қабул қилинишига таъсир эта олган, таянч ва асос бўлган.
Халқ билан давлат орасида ғийбат эмас, самимий мулоқот ва ўзаро тушуниш, ёвлашиш эмас, дўстлашиш, бузғунчилик эмас, бирлашиш тараққиёт кафолатига айланган, ҳамжиҳатлик, завқ уйғонган.
Аристотел айтадики, мулоқотдан завқланиш дўстликнинг асосий белгисидир.
Мулоқот йўқлиги мудҳишлик келтиради
Инсоният, цивилизациялар тарихидан маълум, турли томонлар бир-бири билан очиқ гаплашмаган, мунтазам мулоқот ўрнатилмаган жамиятлар, давлатлар эзгулик, тараққиёт нуқтаи назаридан тайинли бир нарсага эриша олмаган. Давлат билан фуқаро, халқ ўртасида реал мулоқот йўқлиги давлатнинг ўзини муаммога айлантиради, оддий одамларнинг турмушини оғирлаштириб, тафаккурини мажруҳ қилади.
Фашизм нафақат бир халқ, бир мамлакат, балки бутун одамзодга мудҳишлик келтирди, миллионлаб кишиларнинг ёстиғини қуритди. Мулоқот институтларига йўл берилганида, эҳтимол, қонлар тўкилмас, қирғинлар рўй бермасди.
Қадимги замонлар, илк ўрта асрлардаги нўноқ саройлардаги каби совуқлик изғиб юрадиган марказнинг мавҳум мақсадларига ўралашиб қолган совет иттифоқи давлат билан фуқаро гаплашмаслиги, реал мулоқот қилмаслиги қандай оғир оқибатларга олиб келишига энг тушунарли мисол бўла олади. Ўша замонларда катта-катта советлар парламент вазифасини бажариб, гўёки халқ хоҳиш-иродасини ифода этарди. Лекин қаҳратонда пахта даласида қалтираб турган болалару аёлларнинг кўнглидан нима ўтаётгани билан жоҳил сиёсатнинг иши йўқ эди. Айтиш бор, буюриш бор, талаб қилиш бор, хирмон тўлдириш бор, аммо мулоқот, буни таъминлаши керак бўлган институтлар бўлган эдими?..
Ўзи хонлигу амирликлар давридаги асосий кўргиликларимиз ҳам айнан мулоқот, тушуниш, тушунтириш, жамият миқёсида фикрлаш ривожлантирилмагани оқибатида рўй берган бўлса керак.
Ўтмишни даволаб бўлмайди, майли, яқин-яқингача бўлган даврда ҳам халқ билан давлат, амалдорлар ва фуқаролар ўртасида реал мулоқот ҳосил бўлмагани иқтисодий, ҳуқуқий, сиёсий муаммолар тўпланиб қолишига олиб келгани бежиз эмас.
Янги давр мазмуни
Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқ билан мулоқот ғояси Ўзбекистон давлатчилиги тарихида янги даврни бошлаб бергани яққол кўриниб турибди.
Мулоқотга, халқ олдида ҳисобдорликка асосланган ислоҳотларнинг томири инсоният тарихидаги энг яхши давлатчилик тажрибаларидан, турли мингйилликлар, турли асрларда яшаб, маърифат учун, тараққиёт учун борлиғини бахшида қилган буюклар ўгитларидан сув ичиб турибди.
Халқ билан ҳақиқий, самимий мулоқот Янги Ўзбекистон ғоясининг туб мазмунидаги муҳим ва таянч тушунчалардан ҳисобланади.
Илгари ҳокимни, амалдорларни йиллар давомида бир кўрмаган узоқ қишлоқдаги одамлар ҳозир сайёр учрашувларда бемалол гаплаша оляпти. Одамларни кўрса, қовоғидан қор ёғадиган ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари сабр билан эшитишга, тушунишга, бақир-чақир қилиб буйруқ беришга эмас, гаплашиб муаммоларга ечим излашга одатланяпти. Мурожаатларни эшитишдан, ҳал этишга куч топишдан бошланган мулоқот амалдорларни ҳам, фуқароларни ҳам ўзгартиряпти. Тўғри, ўзгариш бир хил жойда яхши, бир хил жойда секин кетяпти. Тушунганлар натижа қиляпти, тушунмаганлар орқага тортяпти.
Фуқаролар фаол муносабат билдираётган, одамларни ўйлантириб турган муаммолар бирма-бир ҳал қилиниши, енгилликлар берилиши таъкидланиб, биринчи янгилик “тонировка” ҳақида бўлди.
Яхши хабар бир зумда республикага тарқалди, дунёдаги юртдошларимиз эшитди. Ярми текин бўлгани билан ҳамма машиналар ойнаси қорайтириб олингани йўқ, асосийси, миллионлаб ватандошларга яхши энергия, кайфият тарқалди. Кайфият иштиёқни, иштиёқ жамиятда меҳрни, завқни оширади. Ўқитувчининг болаларга, шифокорнинг беморга, деҳқоннинг далага, одамнинг одамга меҳри кучаяди. Мурожаатлар босқичидан демократик мулоқот босқичига кириб келинмоқда.
Янгиликлар бу ҳафта ҳам давом этди. Twitter, WeChat, Вконтакте Ўзбекистон бўйлаб қайтадан тўсиқларсиз ишлай бошлади. Битта Twitterнинг ўзида бир кунда қанча фикр, қанча таклиф, қанча ибрат, қанча ҳасрат, қанча қувонч, қанча завқ қўшилади? Тўсиб қўйиш қизиқиб, завқланиб гаплашиб турган икки одамнинг ўртасига тош отишдек хунук иш. Қадим даврни хаёлга келтирсак, агора ва форумларда муҳокама қилаётган инсонларни кўчага қувиб солишдай гап. Ижтимоий тармоқ аввало мулоқот маконидир.
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот. Шифокорлар билан очиқ мулоқот. Яқинда яна тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлади.
Президентнинг 2022 йил 29 июль куни айтичилар билан мулоқотида юзага келган очиқлик муҳитида кўп мулоҳазалар, таклифлар айтилди. Соҳада ёш иқтидорларни аниқлаш бўйича Президент танловини ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Ясмина исмли ёш айтичи қиз билан бир неча дақиқа давом этган самимий мулоқотда бутун республикадаги ёшларни руҳлантирадиган таклиф юзага чиқадиган бўлди.
Ўз вақтида ўтказилган битта мулоқот нафақат битта соҳани, балки давлат ва мамлакатни ўзгартириши мумкин.
Кенгаш, аввало, мулоқот қилиш дегани
Одамларни эшитиб, пастга тушиб, маҳаллаларга, оилаларга бориб ишлаш талаби икки кунлик тўйдек ўтиб кетадиган тадбир эмас, албатта. Ҳар бир ҳудудда халқ билан ҳамнафас бўлиб ишлаш, муаммоларни марказга жўнатмай, газак олдирмай жойида ҳал қилиш имкониятини яратиш учун кейинги йилларда муҳим, оғир масалалар ҳал этилмоқда.
Илгари мактаб ёки шифохонанинг деразасини алмаштиришга пули бўлмаган маҳаллий ҳокимиятнинг молиявий имкониятлари аввалгига нисбатан анча яхшиланди. Бир пайтлар ўта марказлаштирилган, бюрократлаштирилган кўплаб масалалар ҳудудларнинг ўзида ҳал этилишига ҳозир шароит ҳосил бўлди. Катта имкониятларга эга бўлиш жавобгарликни ҳам ошириш керак. Шунинг учун маҳаллий ҳокимлик, ижро органларининг ҳудудий тузилмалари халқ депутатлари Кенгашлари олдида масъулиятли бўлиши учун қонунларга бир қатор янги меъёрлар қўшилди. Натижада ҳудудларда давлат идоралари ва маҳаллий жамоатчилик ўртасида муайян мулоқот муҳити, демократик кайфият юзага келди.
Тараққиёт стратегиясида халқ депутатлари Кенгашларини муаммоларни ҳудудларнинг ўзида ҳал этишда муҳим институтга айлантириш бўйича мақсад аниқ белгиланган. Бу масала Президент таклифи, халқимизнинг фаол қўллаб-қувватлови билан Конституциявий ислоҳот даражасига кўтарилди, ҳокимликларнинг ўз қобиғига ўралиб қолиши ва депутатларнинг асосий масъулиятни ижро идораларига ағдаришига чек қўйилмоқда, ҳокимлик ва халқ депутатлари Кенгашлари ниҳоят ўз йўлига тушиб олмоқда.
Ҳокимларнинг ҳудудларда мутлақ ваколатларга эга бўлиши биринчи навбатда жойларда мулоқот, очиқлик муҳитини ўлдиради. Халқ депутатлари Кенгашлари ҳудуднинг муаммосини ўзи ҳал қилишга уринадиган бошқарув институти эмас, кўпроқ қўл кўтариладиган ёки сохта қарсак чалинадиган майдонга айланиб қолади.
Халқ билан мулоқотни янги даражага кўтариш, ҳудудларда масъулиятни кучайтириш учун халқ депутатлари Кенгашларининг мулоқот, фикр ва таклиф алмашиш масалаларидаги аҳамиятини ошириш заруратга айланган. Мулоқот мамлакат тақдирини ҳал қилишда қанчалик аҳамиятли институт эканини буюк тарих исботлаган.
Кейинги йилларда халқ депутатлари Кенгашларида, 6 минг нафардан ортиқ депутатларда, яна бир неча ўн минг мутасаддиларда, асосийси, одамларда фикр, дунёқараш ўзгарди, мулоқот маданияти шаклланди. Халқимиз Конституциянинг 99-моддаси бўйича таклифни қўлласа, сессиялар ўлда-жўлда ўтмайди, ҳақиқий мулоқот майдонига айланади. Демократик мулоқот маданияти, сиёсий-ҳуқуқий маърифат Кенгашлардан ҳудудларга, маҳаллаларга, оилаларга ёйилади, юраклардан-юракларга ўтади.
Парламент мулоқот майдонига айланмоқда
Жорж Байрон “мен парламентни ва мунозараларни яхши кўраман”, деганида қандай парламентни назарда тутгани кўпчиликка маълум.
Ҳамма нарса сўзсиз қўлланадиган парламентдан зерикарлироқ жой бўлмаса керак. Чунки бунда бефарқларча, номига қўллаш кайфияти кучайиб кетиши хавфи бор. Парламент мажлисларида шунчаки ўтириб, қўл кўтариб кетадиган аъзолардан кўра фикрга, мулоқотга ундайдиган, қайсарроқ, ҳатто эзмароқ аъзолар кўп марта тузукроқ. Ҳеч ким парламент зерикарли бўлишини истамайди, шунинг учун очиқ, самимий мулоқотга ташна парламентни ривожлантириш йўлидаги ҳаракатлар турғунлик ҳолатига тушиб қолмаслиги жуда муҳим.
Президент янги даврдаги ислоҳотларнинг бошланишида “Парламент демократия мактабига айланиши керак”лиги ҳақида мазмуни чуқур фикрларни билдирган эди.
Бу ҳар бир депутат ўқишда, ўрганишда, таҳлил қилишда, фикр билдириш ва мулоқот қилишда бутун жамиятга ўрнак бўлиши кераклиги билан ҳам боғлиқ масала эди.
Ўзгаришлар, албатта, кўп. Аксарият ҳукумат аъзолари, вазирлик-идоралар раҳбарлари лавозимга киришишдан олдин парламент, сиёсий партиялар фракциялари тасдиғидан ўтяпти. Ҳозир деярли ҳар ҳафта ҳукуматнинг бирон аъзоси, бирорта вазир ёки қўмита раҳбари ўз йўналиши бўйича ҳисобот бераётганига гувоҳ бўляпмиз.
Мана, яқинда Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги ҳукумат аъзолари парламент қуйи палатасида давлат дастури ижросининг бориши бўйича ҳисобот берди. Фракция аъзолари, депутатларнинг саволлари, фикр-мулоҳазалари натижасида ижобий мулоқот кайфияти, демократик муҳит кузатилди. Ҳукумат парламент билан мамлакатни ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича гаплашганини турли ахборот воситалари орқали бутун мамлакат билди. Яъни, ҳукумат нафақат парламентга, мазмунига кўра, халқимизга ҳисоб бериш, гапларини, режаларини айтиш имконига эга бўлди. Тўғри, шу куни парламент ва ҳукумат идеал даражада мулоқотга киришмагандир, лекин муҳит, кайфият, демократик масъулият бир неча йил олдингиларидан тубдан фарқ қилаётгани шахсан менга сезилди.
Бу – яхшилик аломати. Ҳукумат мулозимлари парламентга келганда мажлис заллари ортида халқимизнинг синчков ва сезувчан назарини ҳис қилиб, мулоқотга масъулият билан киришишга ўтмоқда.
Кейинги вақтларда депутатлар мурожаатларни ҳал этишда таъсир кучини оширишга эришди. Парламент аъзоси борган аксарият тадбирларда ҳудуд ҳокими борадиган, депутат билан ёнма-ён туриб, ҳудудлардаги масалалар бўйича фикрлашадиган, очиқ-ойдин муҳокама қиладиган бўлмоқда.
Авваллари ҳокимлар, амалдорлар ўзини депутатлардан анча катта оларди, худди ўзини иш берувчидек тутарди. “Депутатга беписандлик халққа беписандлик”, деган қатъий мазмундаги уқтиришлар ва шунга муносиб жараёнлардан кейин нафақат ҳудудларда, балки марказий идораларда парламентга нисбатан муносабат ўзгарди. Ҳар ҳолда ҳозир унча-мунча ҳукумат аъзоси, вазирлик-идоралар раҳбарлари парламентга келиб, бир замонлар бўлгани каби димоғдорлик қила олмайди. Илгари депутатлар не бир вазирларнинг қабулига кириши амри маҳол эди.
Депутатлар сайловчилари, жуда бўлмаганда маҳалладошлари олдида масъул эканини билиб турибди. “Депутатман, бошқача фазилатли одамман”, “раҳбариятнинг назаридаман”, деб кеккаядиганлар қолмаган бўлса керак.
Халқ билан мулоқот бош тамойили, шунингдек, Олий Мажлис раҳбарияти тавсиялари асосида депутатлар ҳар ойда, баъзида ҳафтада бир марта ўз округига ёки бошқа бир ҳудудга бориб, тадбирлар, ўрганишлар ўтказиб келяпти. Бу номига эмас, аниқ мақсад билан бориб-келиш бўляпти. Ҳозир қайси бир депутатни икки оғиз гурунгга тортманг, гап ора “бунча мурожаатим бор”, “вазирликка чиқишим керак”, “ҳоким билан гаплашдим”, “сўров тайёрлашим, мақола муносабат ёзишим керак”, деган режалари эшитиляпти. Бу ҳам яхшилик аломати.
Албатта, депутат йўл қурмас, кетмон чопмас, лекин одамларнинг кўзи, қулоғида турган масалалардан доимий хабардорлик, куюнчаклик жуда зарур. Шунда мунтазам алоқа, мулоқот ривожланиб, ижтимоий-сиёсий риштага айланади. Бу ришта мамлакатимизнинг барча ҳудуди бўйлаб демократик мулоқот муҳити ёйилишига, ўзаро бирдамлик ва ғамхўрлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сенатнинг янгича мулоқот услуби
Биров билди, биров билмади: шу кунларда Сенатимиз жамоатчилик билан мулоқот қилиш бўйича янгича форматда ишлашга ўта бошлади.
Кўпчилик эътиборида турган масалалар сенаторлар томонидан тезкор ўрганилиб, масъуллардан қачон ҳал этилиши масаласи сўраляпти. 23 июль куни Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида олиб борилаётган ишлар жойига чиқиб ўрганилиб, боғ жорий йилнинг биринчи сентябридан ишлай бошлаши ҳақидаги мутасаддилар ваъдасини жамоатчиликка етказди. 25 июль куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Наманганга келин бўлиб келган, интернет тармоқларда интервьюси кенг тарқалган Чинора Абдиеванинг фуқаролик масаласини ўрганишга киришганини маъул қилди. Ўтган ҳафта, шунингдек, жамоатчилик кўп эътироз билдирадиган вазирлик-ташкилотлар фаолияти бўйича жиддий танқидий муҳокамалар ўтказилди. Бу ҳам жамоатчилик фикри, муносабати асосида иш ташкил этишнинг, фуқаролар билан билвосита мулоқотга киришишнинг амалий мисолидир.
Мулоқотда самимият масаласи
Черчиллнинг “Биз катта воқеалар ва кичкина одамлар даврида яшаяпмиз”, деган гапида чуқур маъно бор.
“Халқ билан мулоқот” тамойилини вақтинчалик кампания, деб тушуниб, одамлар билан номига гаплашадиган, ўрганишлар ва қабулларга эриниб бориб-келадиган мутасаддилар эзгу ислоҳотларни обрўсизлантириши мумкин.
Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, улардан одамга, ҳаётга нима фойда, қандай манфаат эканини тушунтириши керак бўлган масъуллар жамоатчилик ичига кириб нима дейиши, ўзини самимий тутиши ниҳоятда муҳим. Элчилик, ҳар хил одам бор.
Учрашувлар, мулоқот тадбирлари кўп. Аммо муайян тадбирлар зерикарли, самарасиз ўтишига, жамоатчиликнинг салбий муносабати шаклланишига мутасаддилар ҳам сабабчи бўлаётгани афсусланарли ҳол. Одамларнинг олдига тайёргарликсиз, тўрт варақ маълумотни, тайёр йўриқнома ва тавсияларни ўқимасдан, нима ҳақда гапираётганининг маънисига етмасдан, жонини қийнамасдан жамоатчиликнинг, айниқса, ёшларнинг ҳафсаласини пир қилаётган мутахассису масъуллар ислоҳотларни олға силжитиш ўрнига, орқага тортади.
ОАВда, ижтимоий тармоқларда билдирлаётган баъзи муносабатларнинг жонсизлиги, номигалиги, пойинтар-сойинтарлиги, қаерлардандир йиғиб-терилгани, сохта эътирофларга тўлиб кетганлиги яхши белги эмас. Баъзи мутахассису мутасаддилар ўзига берилган, ҳақ тўланадиган, ишонилган муҳим вазифаларни бажариш ўрнига сохта мулозаматга муккасидан кетаётгани одамни ўйлантириб қўяди.
Бир учрашувда давлатимиз раҳбари “қарсакда ҳақиқат йўқ, ҳақиқат – мулоқотда”, деганида ривожланишимиз учун сохталик эмас, табиий, самимий мулоқот қанчалик муҳимлиги уқтирилганди.
Ислоҳотларни қўллашни шунчаки айтиш бир нарса, шу ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш учун астойдил интилиш, керак жойларда курашиш умуман бошқа нарса, албатта. Сохталик, муғомбирлик, Черчилл назарда тутган кичкиналик учун чора йўқ, инсофни ҳамманинг ўзига берсин.
Одамлар билан одамлар
“Салтанат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат…” Амир Темурнинг шу тузуги қанчалик тўғри эканини далиллаш учун том-том китоб ёзиш мумкин.
Фуқаролик жамияти институтлари ривожланмаслиги демократик мулоқот муҳитини сусайтириб, сўндириб боради, очиқлик, самимийлик ўрнини, сохталик эгаллайди, мулоҳазалар эмас, қарсак кўпаяди. Тарихда бундай жамиятлар, бундай даврлар оз бўлмаган.
Одам бир нарсага ҳайрон қолади. Фуқаролик жамияти институтларини, вакиллик ҳокимиятини обрўсизлантиришга уринилган ҳолатларда қандайдир хурсанд бўладиган мулозимлар бор. Ҳатто сиёсий партияларни самарасиз, умидсиз ташкилот сифатида кўрсатишга уринадиганлар, шу ҳолида ўзини катта олим санашларига иштиёқманд мутахассислар ҳам учраб туриши ўйга толдириб қўяди. Лекин бу эскирган, ўзини оқламаган, умри тугаган қараш. У сувлар аллақачон оқиб кетди, мулоқотдан қочиш, муаммоларни яшириш яхшилик келтирмаган.
Янги ислоҳотлар даврида фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ривожланиши жамиятимизда демократик мулоқот муҳити кенгайишида муҳим омиллардан бирига айланди. Бунинг учун муҳим қонунлар, қарорлар қабул қилинди. Аввал тасаввур этиб бўлмаган ўзгаришлар кузатиляпти. Конституциявий қонун лойиҳасига ҳам кўплаб таклифлар, мулоҳазалар билдирилди.
Табиий ўсиш кетяпти. Фуқаролик жамияти институтлари ички трансформация жараёнини бошидан ўтказяпти. Демократик ислоҳотларда, тараққиёт мақсадларига эришишда ўзининг ўрни ва масъулиятини тобора чуқурроқ ҳис қилмоқда. Жамиятда фикр алмашиш, таклифларни билдириш, давлатнинг аҳоли турли қатламлари билан мулоқоти самарадорлигини янада ошириш учун фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти бўйича стратегик ҳужжат ишлаб чиқишнинг вақти келгандир, эҳтимол.
Мулоқот масаласида давлатнинг масъулият, ташкилотчилиги, албатта, муҳим. Лекин жамият ҳам ўзи билан ўзи мулоқот қилишни, давлат билан боғлиқ бўлмаган масалаларни ўзи ҳал этишни ўрганиши зарур. Нафақат халқ билан давлат, балки одамлар билан одамлар бир-бирини тушуниши ҳам жуда муҳим. Фуқаролик жамияти институтлари мамлакатда завқни, дўстлик ва самимийликни оширади.
Янги Ўзбекистон зерикарли эмас, қизиқарли жамият бўлади. Бирга кўрамиз.
Тўлқин Тўрахонов.
«Ўзбекистон овози», 3.08.2022, №31