Куни кеча Халқ депутатлари Ромитан туман Кенгаши депутатлари “Обод қишлоқ” Давлат дастурига киритилган “Қалайчорбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, дастур доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
“Бобир Азамат Темир” МЧЖ томонидан ҳудуддаги 13-умумтаълим мактабининг 180 ўринли янги биноси ҳамда 220 ўринли бино мукаммал таъмирланмоқда. 35 нафар қурувчи мактабни янги ўқув йилига қадар ўқувчиларга қулай ҳамда шинам қилиб таъмирлаб топшириш мақсадида туну-кун меҳнат қилмоқда. Объектнинг биринчи қаватида олиб борилаётган қурилиш ишлари тугатилиб, пардозлаш ишлари бошланиш арафасида. Муассаса таъмири ва янги бино қурилиши учун 3 млрд 160 миллион сўм маблағ ажратилган. Мактабда “Қалайчорбоғ”, “Ромитан”, “Ўба” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан жами 368 нафар ўқувчи таълим олади.
Шунингдек, “Қалайчорбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини “Қуми” қишлоғида “Амирбек Голд Вайт” МЧЖ томонидан ички йўлларни бетонлаштириш, “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида эни 4,6 метр, узунлиги 1 км 620 метр йўлни асфальтлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Айни кунларда қишлоқда тоза ичимлик суви қувурларини тортиш ишлари ҳам жадал бормоқда. Қишлоқ аҳолиси бўлаётган бунёдкорлик ишларидан мамнун. Фуқаро Моҳира Ёдгорова инсон қадри улуғланаётган юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Обод манзиллар кўпаяверсин.