Кейинги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давлатимизнинг стратегик вазифаларидан бирига айланди. Ижтимоий ҳимоя масаласига жамиятда барқарорлик ва адолатни таъминлашнинг муҳим асоси, деб қаралмоқда. Президентимизнинг жорий йил 25 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони шу маънода тарихий, стратегик ҳужжат ҳисобланади.
Муаммоларни тан олиш ва ҳал қилиш даври
Эсласак, қиёсласак, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ўзгаришлар, янгиланишлар нафақат қарорлар ва дастурларда, балки оилалар турмушида акс этаётганига амин бўламиз. Президентимиз барча давлат идоралари фаолиятига жорий этган халқ билан мулоқот тизими мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ кўплаб масалалар йиғилиб қолганини кўрсатганди. Мисол учун, кам таъминланган оилаларга нафақаларни белгилашда аниқ мезонлар йўқлиги, ажратилган маблағларнинг реал эҳтиёжга нисбатан камлиги каби муаммолар ижтимоий адолатга эришиш имконини бермай келаётганди. Қайси оила қандай асосга кўра нафақа олиши керак, деган долзарб саволга қониқарли жавоб топиш мушкул бўлиб қолганди. Шундай ҳолатлар кузатилганки, уйида телевизори ёки музлаткичи борлиги учун нафақа ололмаган оилалар бўлган.
Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг айнан муҳтож фуқароларга етиб бориши, нафақа миқдори энг зарур ҳаётий эҳтиёжларни қаноатлантиришга етарли бўлиши жуда муҳим бўлиб, очиғи, бу борада ҳам камчиликлар оз эмасди. Яқин йилларгача жамиятимизда имконияти чекланган кишиларга давлат идоралари, давлат хизматчиларининг муносабати аянчли ҳолатда эди, десак адолатдан бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги, эҳтиёжманд оилалардаги муҳитни, кайфиятни яхши билиши натижасида юқорида келтирилган ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалалар бўйича ҳам бутунлай янги тизим яратилди. Хусусан, кам таъминланган оилаларга нафақа белгилаш асослари аниқ қилиб қўйилди. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими ишга туширилиб, кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш бошланди. Очиқлик, тенглик, адолат тамойилларига қатъий амал қилиш вазифаси белгиланди.
Илгари муҳтож оилалар, муҳтож фуқароларнинг катта қисмига турли сабаб ва баҳоналар билан нафақа тайинламаслик ҳолатлари кузатилган, тўғриси, маблағлар ҳам камлик қилган бўлса, кейинги йилларда маблағ миқдори бир неча баробарга оширилди. Масалан, биргина кам таъминланган нафақа олувчи оилалар сони охирги 3 йилда тўрт баробарга ошиб, 1,9 миллионга етди. Алоҳида таъкидлаш керакки, бу рақамлар нафақага муҳтож оилалар сони ортганини эмас, балки эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий ҳимоя етиб бораётганини англатади.
“Имконияти чекланган кишилар” деган тушунча давлат ва жамиятнинг ногиронларга бўлган тор, бир ёқлама муносабатини ифодалаб келган бўлса, янги ислоҳотлар даврида, аввало, қонунчилик ўзгариб, “ногиронлиги бўлган шахслар” деган тушунча юзага келди. Шу асосда давлат ва жамият ногиронларга имконияти чекланганлар, деб эмас, балки шахс сифатида муносабатда бўлишга ўтди. Бу муносабат унинг ҳуқуқлари тан олингани ва рўёбга чиқиши учун имконият яратилаётганини англатади.
Мана шу учта мисол мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя масаласига муносабат, эътибор ва масъулият тубдан ўзгаргани, муаммоларни яшириш эмас, балки ҳал қилиш учун ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий жиҳатдан изчил чоралар кўрилаётганининг исботидир.
Президентимиз яқинда тасдиқлаган Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси шу йўналишдаги ислоҳотлар бардавом бўлишининг асосий кафолати ҳисобланади.
Халқимиз эҳтиёжи ва замонавий стандартлар
Ижтимоий ҳимоя тизимини самарали йўлга қўйишга дунёдаги энг ривожланган давлатларда ҳам тез ва осон эришилмаган. Чунки бу йўналиш тегишли вазирлик-идоралар фаолиятини мувофиқлаштиришни, аввало, жамиятдаги муҳитни, мураккаб муносабатларни ўзгартиришни, аниқ ва қатъий тизимга солишни тақозо этади.
Президентимиз 2021 йил 17 февралда “2021-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни имзолаб, стратегия концепцияси ишлаб чиқиш вазифаларини белгилаб берган эди.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси бир кунда тайёрланган ҳужжат эмас. Бу ҳужжат ортида чуқур таҳлил, илғор тажриба, халқаро стандартлар, республикамизнинг барча ҳудудларида олиб борилган ўрганишлар, одамлар билан мулоқотдан олинган хулосалар ҳам турибди.
Стратегияни ишлаб чиқишда вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар билан бирга, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, БМТ Тараққиёт дастури ва Жаҳон банкининг етакчи мутахассисларидан иборат экспертлар гуруҳи ҳам фаол иштирок этди. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масаласига устуворлик берилган. Ижтимоий ҳимоя стратегияси Халқаро меҳнат ташкилотининг ижтимоий ҳимоя минимал даражалари бўйича тавсияларига мувофиқ, барча фуқаролар учун минимал ижтимоий ҳимоя даражасини кафолатлайдиган тизимни яратишни назарда тутади.
Стратегияни тасдиқлаш ҳақидаги фармонда қайд этилганидек, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя соҳасига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш, қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш, оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқиш бўйича қўшимча механизмларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кам таъминланган оилалардаги болаларни парваришлаш учун тўланадиган нафақа қамрови кенгайгани, нафақа тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 дан 18 ёшгача белгилангани, нафақа миқдори ўртача 1,5 баробарга, ишсизлик нафақалари энг кам миқдорлари эса 3,2 баробарга оширилгани, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган 20 дан ортиқ янги инструмент жорий этилгани амалий мисоллардир. Илғор тажриба деганимиз шу: ижтимоий ҳимоя орқали даромади, малакаси кам, саломатлигида камчилиги бор фуқароларга манзилли ёрдам бериб, уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш зарур.
Устувор йўналишлар
Гарчи “ижтимоий ҳимоя” тушунчаси расмий ҳужжатларда, тадбирлар, мулоқотлар ва мақолаларда кўп ишлатилса-да, унинг мазмуни, асосий мақсади, йўналишлари нима, деган саволга ҳар доим ҳам аниқ жавоб бўлавермайди.
Президентимиз фармонида Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилди:
— ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ижтимоий нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган барча оилалар ва шахсларни ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олиш;
— ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланиш имкониятини соҳани рақамлаштириш ҳисобига кенгайтириш, ушбу жараёнга очиқлик ва шаффофлик тамойилларини жорий қилиш;
— аҳоли учун мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш;
— ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш;
— аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш;
— ижтимоий хизматларни аҳолига бевосита маҳалла даражасида кўрсатиш амалиётини жорий этиш.
Эътибор берилса, мана шу олтита устувор йўналишда жамиятдаги ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд барча қатламлар тўлиқ қамраб олинган.
Кафолатланган ҳимоя дастурлари
Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясида 17 та мақсадга эришиш режа қилинган. Айтиш керакки, уларнинг ҳар бири катта мақсадлар, эҳтиёжманд қатламнинг турмушини, ҳаётий кайфиятини кўтарадиган, фаолликка ундайдиган, инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қиладиган мақсадлардир.
Аввало, стратегияда давлат томонидан кафолатланадиган ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида амалга ошириладиган вазифалар бирма-бир белгилаб қўйилди.
Ижтимоий ҳимоя дастурлари мазмуни ва хусусиятларига кўра тўрт йўналишда бўлади:
- Ижтимоий ёрдам дастурлари (кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш, ижтимоий нафақаларни тайинлаш, моддий ёрдам бериш, эҳтиёжманд қатламни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш каби масалалар).
- Ижтимоий таъминот дастурлари (пенсиялар ва узоқ муддатли нафақалар тайинлаш).
- Ижтимоий хизматлар дастурлари (Меҳрибонлик, оилавий болалар уйларида, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га кирган оилалар ва фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа хизматлар кўрсатиш).
- Меҳнат бозоридаги фаол чора-тадбирлар дастурлари (ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш, давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан бандликни рағбатлантириш, иш қидираётган ҳамда ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат миграциясида бўлган фуқароларга хизматлар ҳамда ёрдам кўрсатиш).
Мазкур дастурлардан ижтимоий ҳимоя стратегияси нақадар кенг қамровли экани кўриниб турибди.
Асосий мақсад — боқимандаликни камайтириб, фаолликни ошириш
Ижтимоий ҳимоя жамиятда боқимандаликни оширади, деган нотўғри қарашлар ҳам бор. Лекин ривожланган давлатлар тажрибаси бунинг аксини исботлаган. Яъни ижтимоий ҳимоя манзилли, мақсадли бўлса, жамиятда фаоллик, ишонч, барқарорлик кучаяди. Давлатимиз раҳбари тасдиқлаган стратегияда қўйилган мақсадлар айнан ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигига қаратилган. Катта ва асосий мақсад — боқимандаликни камайтириб, фаолликни ошириш.
Стратегия доирасида эришиш кўзда тутилаётган 17 та мақсадни амалга ошириш чора-тадбирлари аниқ белгилаб қўйилди.
Хусусан, маҳалла даражасида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида оилани ҳаётий қийин вазиятдан чиқариш учун комплекс ёндашиш, индивидуал ижтимоий ҳимоя режасини ишлаб чиқиш, болалар асоссиз равишда оилаларидан ажралишининг олдини олиш каби муҳим чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Эҳтиёжманд оилаларни қийин вазиятдан чиқариш бўйича кейинги йилларда ўзига хос тажриба ҳам тўпланди, қанчадан-қанча оилалар даромад манбаига, давлатнинг манзилли ёрдами билан уй-жойга эга бўлди. Стратегия билан бу борадаги ишлар янада тизимлаштирилади. Ҳар бир мутасадди ўз билганича эмас, аниқ механизм билан ишлайди.
Ишсиз шахсларни қўллаб-қувватлашни инсон капиталига инвестициялар орқали амалга ошириш, яъни эҳтиёжманд кишиларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малакасини ошириш, ўз ишини очиш, тадбиркорликка жалб қилиш бўйича ислоҳотларни жадаллаштириш мақсад қилинган.
Алоҳида таъкидлаш керакки, Ижтимоий ҳимоя стратегияси Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар, хусусан, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишида белгиланган мақсадларга ҳамоҳангдир.
Масалан, Тараққиёт стратегиясининг 37-мақсадида ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш, касбга ўқитиш кўламини 2 баробар ошириб, жами 1 миллион ишсиз фуқарони касб-ҳунарларга ўқитиш режалаштирилган. Шунингдек, касбий таълим билан тизимли равишда шуғулланиш масалаларини тўлиқ равишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ихтиёрига ўтказиш, умумтаълим мактаблари касб ўрганиш истагидаги битирувчиларини давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизимни жорий этиш мақсадлари ҳам белгиланган.
Юқоридагиларга асосан шундай хулосага келиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси қамрови, таркиби ва тузилиши жиҳатдан мукаммал ҳужжатдир. Стратегия билан бирга, ижтимоий ҳимоя бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар, стратегияни 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланди. 2024 йилдан бошлаб эса бундай “Йўл хариталари” ҳар икки йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилди.
2023 йил 1 мартга қадар давлат томонидан кафолатланган ва бепул тақдим этиладиган минимал ижтимоий хизматлар рўйхати шакллантирилади ва тасдиқланади. 2023 йил 1 июлга қадар эса давлат томонидан кафолатланган ва бепул тақдим этиладиган минимал ижтимоий хизматларни кўрсатиш стандартлари ҳам тасдиқланади.
Умуман, мазкур стратегик ҳужжат Янги Ўзбекистонни инсон қадри устувор бўлган, халқ фаровонлиги ва розилиги учун хизмат қиладиган ижтимоий давлат сифатида ривожлантиришнинг муҳим асосларидан бирига, жамиятимизда ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлашнинг кафолатига айланади.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари.
“Янги Ўзбекистон”, 3.08.2022, №156