Ўзбекистонда Ювенал юстициянинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурати ҳақида
Бугунги кунда юртимизда болаларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича жуда аҳамиятли ишлар амалга оширилмоқда. Бола ҳуқуқлари ҳимояси бўйича тегишли ҳуқуқий база шаклланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган.
Мамлакатимизда кейинги йилларда қабул қилинган қатор қонунлар орқали ҳуқуқий асос янада мустаҳкамланмоқда. Хусусан, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги, «Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги, «Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида»ги, «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонунларда ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида бола ҳуқуқларининг кафолатлари таъминланиши билан боғлиқ муносабатлар аниқ акс этган.
Бугунги кунда Ўзбекистон бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича дунёда дадил қадам ташлаётган давлатлардан биридир.
Шу ўринда Ювенал юстиция тизими ўзи нима ва мамлакатимизда мазкур тизимни жорий қилишга оид қандай амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда, деган савол туғилади?
Ювенал юстиция (лотинча Juvenile – болалар, вояга етмаганлар, Justice – адлия) болалар ҳуқуқбузарлиги, болалар содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган жиноят турлари ва суд, ҳуқуқбузар болалар учун мўлжалланган муассасалар томонидан болаларга қилинадиган муомала усуллари ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш йўллари каби мавзулар қамраб олинадиган кенг тушунчадир.
Халқаро ва Ўзбекистон олимларининг соҳага оид таҳлилларига асосан Ювенал юстиция (адлия) масалаларига оид қуйидаги принциплар келтириб ўтилган:
— айбсизлик презумпцияси;
— вояга етмаган шахс қўлга олинган заҳотиёқ унинг ота-оналари ҳозир бўлиши ҳуқуқини таъминлаш мақсадида ота-она ёки васийни зудлик билан хабардор қилиш;
— имкони бўлса, суд жараёни бошланмасдан туриб уларни ушлаб туришдан сақланиш ва бундай ушлаб туриш энг қисқа муддатлардагина амалга оширилишини таъминлаш;
— инсон саломатлиги ва қадр-қимматининг таъминланиши учун барча талабларга жавоб берадиган муассасалар барпо этилиши, даволаш ҳамда касалликларнинг олдини олишга мўлжалланган етарли, лозим даражадаги тиббий хизматнинг кўрсатилиши;
— вояга етмаган шахснинг жисмоний ва руҳий соғлигига хавф туғдириши мумкин бўлган жисмоний жазолаш усулларидан иборат қаттиқ, шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини оёқости қиладиган барча тарбиявий усулларнинг тақиқланиши;
— яқинлар билан учрашиш, шахсий дахлсизлик, ташқи дунё билан алоқа ва кундалик юмушларни бажариш учун етарлича вақтга эга бўлиш каби ҳуқуқлар, одил ва инсоний муомалага бўлган ҳуқуқлар;
— озодликдан маҳрум қилиш муассасасидан ташқарида малакали ўқитувчилар томонидан таълим берилиши болаларнинг эҳтиёжларига мос бўлиши ва уларни жамиятга қайтишга тайёрлаши;
— болаларнинг, ўз оила аъзолари мустасно ҳолда, катта ёшдаги маҳбуслардан алоҳида сақланишини таъминлаш.
Жаҳон парламентларининг ташкилоти ҳисобланган Парламентлараро Иттифоқ томонидан турли мамлакатлар парламентларига Ювенал юстицияга алоқадор қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилган. Ушбу таклифларда қуйидагилар таъминланиши мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилган:
— балоғатга етмаган болалар жиноят сифатида баҳоланмайдиган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун уларга жиноятчидек муомала қилинмаслиги;
— жиноят содир этишда айбланаётган балоғатга етмаган болалар суд жараёнига тааллуқли Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенциянинг 40-моддаси 2-қисмида кўзда тутилган барча кафолатлардан фойдалана олишга қодир бўлиши;
— жиноят содир этишда айбланаётган балоғатга етмаган болаларнинг ҳуқуқий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари;
— ишни кўриб чиқишнинг барча босқичларида махфийликнинг ҳуқуқий тан олиниши.
Ўзбекистон Республикасининг бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларида ҳам мамлакатимизда Ювенал адлия тизимини жорий қилиш борасида режалар, вазифалар белгиланган.
Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 14-мақсади олтинчи бандида “Ювенал адлия тизимини шакллантириш ҳамда бола ҳуқуқлари қонунчилигини кодификациялаш” масаласи қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 16-бандида соҳага алоқадор масъул раҳбарларга тегишли кодекслар ишлаб чиқилишида фойдаланиш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида Ювенал адлия тизимини жорий этиш бўйича концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилган.
Халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар
Ювенал юстицияга оид бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Ювенал юстицияга оид ҳужжатлари, Балоғатга етмаган болаларга нисбатан одил судлов юритишга доир минимал стандарт қоидалари (Пекин қоидалари), Балоғатга етмаган болалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган дастурий принциплари (Ар-Риёд дастурий принциплари), Озодликдан маҳрум этилган балоғатга етмаган болаларни ҳимоя қилишга доир қоидалари, Қамоқда сақлаш билан боғлиқ бўлмаган чораларга доир минимал стандарт қоидалари (Токио қоидалари) шулар жумласидандир.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1985 йилда қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг балоғатга етмаган болаларга нисбатан одил судлов юритишга доир минимал стандарт қоидалари халқаро ҳуқуқий ҳужжати ҳам катта аҳамиятга эга.
Қонунчилик бўйича таклифлар
Мамлакатимизда муайян тизим шаклланган, шу билан бирга, қонунчилик йўналишида қилинадиган ишлар ҳам бор. Ювенал юстицияга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича айрим масалалар ва таклифларни билдириб ўтамиз:
- Вояга етмаганларнинг профилактикаси билан шуғулланадиган комиссия аъзолари ва ички ишлар органлари инспекция ходимлари вояга етмаганларнинг профилактикаси билан шуғулланишнинг махсус билим ва кўникмаларга эга эмас. Мазкур ҳолатни бартараф этиш учун ички ишлар органлари Академиясида вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлигининг профилактикаси бўйича махсус ўқувларни ташкил этиш ва махсус ихтисосликни жорий этиш.
- Вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарлиги профилактикаси бир қатор давлат органлари томонидан амалга оширилиши қонунда белгиланган, бироқ ҳанузгача мазкур йўналишда ягона, мувофиқлаштирилган амалиёт шаклланмаган. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликларини ягона рўйхатга олиш тизими жорий қилинмаган, вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликлари бўйича маъмурий баённомалар фақатгина ички ишлар органларида юритилади, холос.
Мазкур камчиликларни бартараф этиш учун вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликлари билан шуғулланадиган барча давлат органларида махсус тузилмаларни жорий қилиш, улар таркибини махсус ихтисосликка эга бўлган мутахассислар билан тўлдириш мақсадга мувофиқ.
Вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликларини расмийлаштиришнинг ягона марказини ташкил этиш, мазкур марказ зиммасига вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликларини ва улар бўйича юритилаётган ишларни рўйхатга олиш мажбуриятини юклаш таклиф этилади.
Қонунчилигимизда балоғатга етмаган болаларни жиноий жавобгарликка тортиш минимал ёши 15 ёшга имкон қадар яқинроқ қилиб белгиланиши, жиноий жавобгарликка тортишнинг муқобиллари тан олиниши ва жавобгарликка тортишга оид стандартлар қонунчиликка киритилиши, жиноят содир этишда айбланаётган 18 ёшга тўлмаган барча шахсларга балоғатга етмаганлардек муомала қилиниши белгиланиши зарур.
Балоғатга етмаган болаларнинг ушлаб турилиши билан боғлиқ қонунчилик меъёрлари қайта кўриб чиқилиши, бунда ота-она ёки васийни хабардор қилиш мажбуриятининг тан олиниши, балоғатга етмаган шахсларни катта ёшдагилар билан бирга сақланишини тақиқлаш масалалари ҳисобга олиниши мақсадга мувофиқ бўлади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг зарур ҳуқуқий базаси яратилган ва тизимли амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишдаги ислоҳотларни изчил давом эттириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларига ҳам мос келади.
Ўрол Ўрозбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 3.08.2022, №31