Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари билан боғлиқ масала кўриб чиқилди.
Маълумки, Конституциявий қонуни лойиҳаси 2022 йил 1 августга қадар умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларида кенг кўламли муҳокамалар амалга оширилди ва уларда фуқароларга ўз хоҳиш иродаларини эмин-эркин билдиришлари учун барча қулайликлар яратиб берилди.
Бу жараёнда Халқ демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик корпуси фаол қатнашишга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлари шакллантирилди. Экспертлар учун ўқув ташкил этилиб, методик қўлланма, намунавий презентация ва зарур маълумотлар тайёрланди.
Таклиф-мулоҳаза олишда бутун республика ҳудудини қамрашга алоҳида эътибор қаратилди. Фуқароларнинг партия расмий сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, телефон, почта, шу жумладан, электрон почта орқали ишчи гуруҳларга мурожаат қилишлари учун имконият яратилди. Юқоридаги воситалар орқали 2500 дан ортиқ таклиф-мулоҳаза олинди.
Шунингдек, 2022 йилнинг 25 июнь – 1 август кунлари юртимизнинг барча ҳудудларида 2674 та тадбир ўтказилиб, икки вазифага, биринчидан, фуқароларнинг фикри-муносабатини ўрганишга, иккинчидан, конституциявий ислоҳотларнинг аҳамиятини тушунтиришга урғу берилди.
Таъкидланганидек, учрашувларда жами 99 706 нафар фуқаролар, шундан, 1 581 нафари депутат, ва партиянинг маҳаллий кенгашлари депутатлари иштирок этди. Иштирокчиларнинг 45 864 нафари ёшлар вакилларини ташкил қилди. Олиб борилган ишлар юзасидан давлат телеканалларда 73 та, нодавлат телеканалларда 41 та, жами 114 та лавҳа, интервью, информацион ва махсус кўрсатувлар эфирга узатилди.
Марказий босма нашрларда 43 та, ҳудудий босма нашрларда 93 та, партия матбуот нашрида 72 та, жами 208 та мақола чоп этилди.
Умумхалқ муҳокамаси юзасидан интернет нашрларида 633 та, партия ташкилотларининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида 2 211 та, жами 2 844 та ахборот материаллари эълон қилинди.
Фракция аъзолари Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва демократия мезонларига мос келадиган ижтимоий демократик давлат барпо этиш ҳақидаги бош дастурий мақсади Конституциямизни такомиллаштиришнинг устувор йўналишларига тўлиқ мос келишини алоҳида таъкидлашди. Конституциявий ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги аҳолининг, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши бўйича кафолатларни мустаҳкамлайди. Бу партиямизни конституциявий ислоҳотларни амалга оширишнинг барча жараёнларида фаол иштирок этишга ундайди.
Депутатларнинг қайд этилишича, муҳокамаларда ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар ва ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Аҳоли томонидан билдирилган таклифларнинг эътиборли жиҳати шундаки, улар асосан ижтимоий масалаларни қамраб олган. Хусусан, фуқароларимиздан келиб тушаётган таклифлар орасида давлатнинг ишсизликни тугатиши, солиққа тортишнинг мутаносиб ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш билан боғлиқ бир қатор масалалар долзарб аҳамиятга эгалигини депутатлар алоҳида қайд этишди.
Умумхалқ муҳокамаси жараёнида билдирилган фикр ва таклифлар асосида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари билан ҳамкорликда Конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришда фаол иштирок этиш бўйича мулоҳазалар билдирилиб, шунингдек чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқишди. Йиғилишда кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.