Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини атрофлича кўриб чиқишди.
Кейинги йилларда мамлакатимизни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолиятини такомиллаштиришга, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва қабул қилишга қаратилган қонунлар янгиланди. Қонунчилик палатасининг мажлисларини жонли эфирга узатиш амалиёти йўлга қўйилди ҳамда бошқа бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламентини тегишли қонунларга мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Қарор лойиҳаси амалдаги регламент матнига 232 та ўзгартиш ва қўшимча киритишни назарда тутади. Хусусан, Қонунчилик палатасининг қўмиталарига ўз ташаббусига кўра жойларда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши масалаларини ўрганиш ваколатини бериш кўзда тутилмоқда. Депутатлар мазкур ўзгартиш жамоатчилик назоратини янада кучайтириш ва бюджет маблағларининг талон-тарож қилинишининг олдини олишда муҳим ваколат бўлишини таъкидлади. Қарор лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди, парламентнинг ташаббускорлиги ва масъулиятини янада оширишга хизмат қиладиган меъёрлар тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Йўлларда турли қоидабузарликлар, инсонлар ўлими билан боғлиқ мудҳиш ҳолатлар ортиб боришига ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимидаги айрим камчиликлар, ҳайдовчиларнинг малакасизлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Фалокатларнинг олдини олиш учун ҳайдовчиларни тайёрлаш тизими ва субъектларининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурати пайдо бўлган.
Қонун лойиҳаси билан “Давлат божи тўғрисида” ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, ҳайдовчилик ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олишга ўқитиш тадбиркорлик субъектларига берилган бўлиб, уларга тегишли лицензиялар ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилиши белгиланган. Бироқ, йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига юклатилган. Лицензия берувчи ва уни ижросини назорат қилувчи органлар бошқа-бошқа эканлиги турли номувофиқликларни келтириб чиқараётгани келтирилган.
Шундан келиб чиқиб, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритиб, автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасидаги нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия бериш ваколатини ҳукумат ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан Ички ишлар вазирлигига ўтказиш таклиф этилмоқда.
Фракция аъзолари режалаштирилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аҳамияти, зарурати ҳамда самарадорлиги масалаларида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ташаббускорларга саволлар билан юзланди. Қизғин муҳокамалардан кейин қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Йиғилишда, шунингдек, Фарғона вилоятининг Учкўприк, Ўзбекистон, Данғара, Қўштепа, Тошлоқ, Фарғона туманлари ва Қўқон, Марғилон, Фарғона шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳаси ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.