Ҳаёт бошқа, қонун бошқами?

 

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш ҳамда оила институтини янада такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қонун ҳужжатларини замонга мослаштириш, фуқароларнинг талаб ва истакларини инобатга олишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Шу маънода, деярли чорак аср аввал қабул қилинган, бевосита ФҲДЁ соҳасини тартибга солувчи Оила кодексини ҳам такомиллаштириш, айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йил 21 июнида қабул қилинган, Сенатнинг 4 август кунги йиғилишида рад этилган «Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Ҳукумат томонидан шу мақсадда ишлаб чиқилган эди.

Ҳозирда кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинаётган мазкур қонун лойиҳасининг мазмуни қанақа, аҳолига қандай қулайликлар яратади, жамиятдаги қандай муаммоларни ечимига хизмат қилади, деган саволлар жавоб топиш долзарб бўлмоқда.

Бугунги кунда никоҳ тузиш никоҳланувчилар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганидан кейин бир ой ўтгач амалга оширилади. Фақат алоҳида ҳолларда ва узрли сабаблар мавжуд бўлганда ушбу муддатни қисқартиришга йўл қўйилади. Алоҳида ҳоллар ва узрли сабаблар қонунларда аниқ белгилаб берилмаганлиги сабабли амалиётда бу талаб турлича талқин қилиб келинган ва никоҳ муддати турли асосларга кўра қисқартирилган.

Бундан ташқари, никоҳдан ўтиш учун бир ойлик муддат белгиланганлиги, бу муддатни қисқартириш бир мунча расмиятчиликлар билан боғлиқ эканлиги кўпчиликнинг никоҳ тузмасдан оила сифатида яшашига олиб келмоқда. Бунинг натижасида юридик жиҳатдан оталикни белгилаш ишларининг сони ҳам ортиб бормоқда.

Муддатни қисқартириш учун асос бўлувчи ҳолатлар аниқ белгиланмаганлиги сабабли қонун нормаси амалиётда турлича қўлланилмоқда.

Хусусан, никоҳдан ўтиш учун ФҲДЁ органларига 2021 йилда 311 мингдан ортиқ ариза берилган. Шундан 5,8 мингга яқин (1,4 %) аризалар бўйича 3 ой давомида турли сабабларга кўра никоҳ қайд этилмаган бўлса, 2021 йилда қайд этилган 305 мингдан ортиқ никоҳларнинг 50 мингга яқини (16,5 %) бир ойлик муддат қисқартирилган ҳолда қайд этилган.

Шундан, 23 мингта (46%) ҳомиладорлик, 15 мингта (28,8 %) бола туғилганлиги учун ҳамда 12 мингта (25,2 %) никоҳ касаллик, хизмат сафари ва бошқа сабабларга кўра бир ойлик муддат қисқартирилган.

Бу рақамлар оддий рақамлар эмас, бу рақамлар одамни ўйлантириб қўяди. Қонун бир томонда, ҳаёт ўз томонида қолиб кетмаяпти, деган аччиқ савол туғилади.

Никоҳни қайд қилишда қуйидаги салбий ҳолатлар ҳам учрамоқда:

Биринчидан, никоҳни қайд қилишнинг 1 ойлик муддатини турли асоссиз, яъни никоҳланувчиларнинг қариндоши бўлмаган шахсларнинг касаллиги ҳақидаги белгиланган тартибда тасдиқланмаган маълумотномалар, келиннинг ҳомиладорлиги аниқ бўлмаган маълумот (УЗИ хулосаси), хусусий корхонанинг хизмат сафари ҳақидаги буйруғи, никоҳланувчиларнинг умумий фарзандлари бўлмаган болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ва бошқа сабабларга кўра қисқартириш;

Иккинчидан, фуқаролар томонидан ФҲДЁ органларига сохта тиббий маълумотномалар тақдим этиш;

Учунчидан, ФҲДЁ ва соғлиқни сақлаш органлари томонидан ортиқча қоғозбозлик, бюрократия ва коррупциявий ҳолатларга йўл қўйиш;

Тўртинчидан, бир ойлик муддатни кутишни хоҳламаган фуқаролар шаърий никоҳ асосида яшаб, фарзандли бўлгандан кейин ФҲДЁ органларига туғилганлик ҳолатини қайд этиш учун мурожаат қилишмоқда.

Оқибатда болага нисбатан оталик белгилаш ҳолатлари йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жумладан, 2020 йилда 49 мингга яқин оталик белгиланган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич 56 мингдан ортиқни ташкил этган.

«Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида никоҳ тузиш учун талаб этиладиган бир ойлик муддатни бекор қилиб, тиббий кўрик якунлари бўйича никоҳни қайд этиш, шунингдек, никоҳланувчи шахслар эллик ёшдан ошган бўлса ёки никоҳланувчи шахслар ўртасида фарзанд бўлса ёхуд аёл никоҳланувчи шахсдан ҳомиладор бўлган ҳолларда, тиббий кўрикдан ўтишни ихтиёрий этиб белгилаш назарда тутилган эди.

Таклиф этилаётган янги нормалар никоҳни қайд этиш тартибини янада соддалаштиришга, никоҳланувчи шаҳсларга қўшимча қулайликлар яратишга ҳамда никоҳни ўз вақтида қонуний расмийлаштириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, ортиқча расмиятчиликнинг ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилиши белгиланган.

Сенат томонидан рад этилган ушбу қонун лойиҳасининг изоҳида оила қуришдаги бир ойлик мажбурий муддатнинг мавжудлиги никоҳдан ўтувчиларнинг ўз қарорларини пухта ўйлаб кўришларига, ёшлар томонидан шошма-шошарлик билан никоҳдан ўтишга йўл қўймасликка, уларни оилавий ҳаётга тайёрлашга, мамлакатда ажрашишлар сонининг камайишига имкон бериши мумкинлиги жиҳатидан талқин қилинган. Лекин, ўзи 1 ойлик мажбурий муддат шундоқ ҳам амалиётда инсон омилини рағбатлантирадиган, коррупция учун шарт-шароит яратадиган норма эди. Тиббий кўрикдан ўтиш талабларига қанчалик амал қилинаётгани ҳолати ҳам қувонарли эмас.

Амалдаги норма ҳақиқатда ишляптими? Ишлаётган бўлса, шунча ирсий касалликлар билан туғилаётган болалар қаердан пайдо бўляпти? Бу норма коррупцияни рағбатлантирмаяптими? Ажралишлар, бошқа оилавий муаммоларни бартараф этишда ушбу норма ҳақиқатда ёрдам беряптими?..

Халқаро амалиётда тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича тадқиқотлар, амалий мисоллар етарлича. Қандайдир бахтсиз ходисаларни олдини олиш учун инсонларга чекловлар қўйилиши акс таъсир этиб, ўша кўнгилсизликларни кўпайтиришга хизмат қилиши ҳам мумкин.

Ўйлашимча Оила қуришдаги бир ойлик мажбурий муддатнинг мавжудлиги қоидаси эҳтимол 1998 йилда никоҳланувчилар яхшилаб ўйлаб кўриши учун киритилмаган. Ушбу муддат Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларига ариза берганларнинг бошқа никоҳи борми-йўқми, шуни текшириш учун керак бўлган. Бунинг учун ҳамма ФҲДЁга хат чиқарилиб, жавоби кутилган. Ҳозир буни электрон тизим орқали саноқли дақиқаларда аниқласа бўлади. Шу сабабли бу қоида ўзининг асл функциясини бажармаётганлиги учун бекор қилиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

 

Бобур Мирзо Тўхтаев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси катта референти.

«Ўзбекистон овози», 10.08.2022, №32

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш