“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”. Исбот учун мисолларни олисдан излашнинг асло ҳожати йўқ, ҳар биримиз шундоққина ён атрофимизга тиран назар ташласак бас.
Эл азиз бўлмаганида бу эл, туманлар марказлари, шаҳарларни қўйинг, овуллар, қишлоқлар, маҳаллалар, кўчалар шунчалик обод бўлармиди? Агар эл азиз бўлмаганида саҳро ичра сўлиб, харобага айланган Мўйноқ шундай кўркам қиёфа касб этармиди. Ҳатто номи ҳам йўқ бўлиб кетган Бўзатов обод бўлармиди. Нукус гуллаб- яшнаб, туманлар шунчалик ўзгарармиди? “Обод қишлоқ” ва “ Обод маҳалла” дастури доирасида 80 дан ортиқ қишлоқ ва овулларнинг қиёфаси тубдан янгиланармиди?..
Агар инсон азиз бўлмаганида, одамларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурлар амалга оширилармиди?
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби дунёда ўхшаши бўлмаган механизмлар ҳаётга татбиқ этилармиди? Агар инсон азиз бўлмаганида, Қорақалпоғистоннинг ўзида аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида ўн мингдан ортиқ хонадонли уй-жойлар қурилармиди?
Қанча-қанча болалар боғчалари, мактаблар, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари барпо этилармиди, чет элларда ўтказилиши мумкин бўлган оғир жарроҳлик амалиётлари Нукус шаҳри, Хўжайли, Беруний туманларида ўтказилармиди? Ҳаётий эҳтиёж бўлган қанча-қанча мушкулларимиз осон бўлармиди?
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғриси”даги қарорида кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни таъсирчан усулларда ифода этиш, бугунги тинч ва эркин ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга, инсон қадрини улуғлашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш қайд этилади.
Тўғри, бизлар момо-боболаримз, ота-оналаримиз каби уруш ва унинг оқибатларини кўрмадик. Очлик, қаҳатчиликни кўрмадик. Аммо бизнинг ҳам ёшларга айтиб берадиган, уларни бу кунларнинг қадрига етишга ундайдиган, даъват этадиган хотираларимиз бор. Зеро, биз мустақилликнинг дастлабки йилларидаги, ҳатто яқин йилларгача давом этган қийинчиликларга гувоҳ бўлдик.
Масалан, узоқ ва яқин тарихимизга дахлдор бўлган пахта йиғим-терими ғала-ғовурларини олайлик. Ўқувчи мактабга борса, ўқитувчи пахтада, касал шифохонага борса, шифокор пахтада, давлат идораларининг барчасининг эшигига “ҳамма пахта йиғимига”, деб ёзиб қулф уриб қўйилган. Бошингга тош қуласа ҳам додингни эшитадиган одам йўқ. Ўша пайтлар “шундай кунлар келади, “нима муаммонг бор” деб уйингга бориб, эшигингни тақиллатиб туришади”, дейишса ким ишонарди?
Мен ҳар доим нақд пул ечиб олиш учун банкоматга борсам, бундан олти-етти йил олдинги бир воқеа эсимга тушади. Ўшанда бир кекса онахон:
– Оладиганим озгина пенсия ҳам пластикка тушади. Нақд пул қилиб оладиган жой йўқ. Магазинчи ё пластикка савдо қилмайди, ё уялмай нетмай фалонча сўмини ушлаб қолади, деб фарёд қилганида, иккинчи томонда дўкондор ўз муаммосини рўкач қилиб торишиб кетганди. Қўлига пластигини қисиб, на нақд пул, на керак нарсасини ололмай сарсон бўлган онахонку бу кунларни кўрмай ўтиб кетди. Ҳеч эслаймизми, қиёслаймизми, чўнтагидаги пластикка хоҳлаган жойида савдо қилиб кетаётган фарзандларимизга айтиб берамизми?
Ёки аёлларимиз, опа-сингилларимиз уйимиздаги тўйларда, тантана-тадбирларда дастурхон безатаётиб, энг охирги русумдаги, кўзни қамаштирадиган чинни ва биллур идишларда қанд-қурс, чақ-чуқ, меваларни қўяётганимизда, бундан ўн беш йиллар муқаддам урф бўлган турли ранглардаги арзон пласмасса идишчаларни эслаймизми?
Энг аввало кечаги ва бугунги кунимизни солиштирсакгина, ҳаётимиз қандай ўзгарганини англаймиз.
Аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий муҳтож инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурларнинг ижобий натижаларини тушунтириб бериш энг аввало ижодкорлар, жамоатчилик фаоллари, биз, халқ вакилларининг вазифамиздир. Зеро шукроналик – инсоннинг зийнати, барака калити. Шукроналик қўлимиздаги неъматларни нафақат сақлаб қолади, балки уларни янада зиёда қилади.
Назира Матяқубова,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.