Партиямизнинг "Ёшлар қаноти" фаоллари Сенат фаолияти билан танишди

 

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ёшлар сектори раҳбари ташаббуси билан партия ёшлари учун очиқ эшиклар куни ташкил қилинди.

Иштирокчилар куннинг биринчи ярмида Сенат биноси ва сенат аъзоларига яратилган имкониятлар билан яқиндан танишиб чиқишди.

Сўнг Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев иштирокида ёшлар билан  учрашув ўтказилди.  Унда  Сенат фаолиятининг асосий йўналишлари ва вазифларидан келиб чиқиб амалга оширилаётган ишлар, парламент назорати, қонунларни қабул қилиш умумий тартиби, Ёшлар парламенти фаолияти, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, жамоатчилик эътиборида бўлган долзарб қонунларни қабул қилишнинг айрим жиҳатлари, давлат дастурларининг ижросини таъминлаш, парламент назоратини самарали олиб бориш каби вазифаларнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашилди. Бугун юртимизда ўқиб изланишга барча имконият мавжудлиги, ижро органлари ва мансабдор шахсларнинг халқ олдидаги ҳисобдорлигини ошириш парламент фаолиятининг устувор йўналишлари  эканлиги таъкидланди ҳамда парламент ваколатлари юзасидан фикр юритилди.

Учрашувда  Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси ўринбосари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ёшлар сектори раҳбари Мухсиддин Низомиддинов мамлакат келажаги ёшлар қўлида эканлиги, катта ютуқларга эришиш, бунёд этилган бу каби муҳташам биноларда ишлаш учун астойдил ўқиш, изланиш ва билим олиш зарурлигини айтиб ўтди.

Фаол ёшлар парламент юқори палатаси фаолиятига тааллуқли кўплаб саволларига батафсил жавоб олишди.

 

 

 

Теглар

Мен ЎзХДПни танладим Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш