Бепул дори воситалари билан таъминлаш қониқарли даражадами?

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Медиа маркази мажлислар залида Давлатимиз томонидан пенсионерлар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳамда аҳолининг бошқа ижтимоий тоифаларини бепул дори воситалари билан таъминлашнинг Тошкент шаҳардаги ижросига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг раҳбарияти ва масъул ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар, туман Кенгашидаги партия гуруҳлари аъзолари, партиянинг Тошкент шаҳар, туман кенгаши раҳбарлари, партия фаоллари иштирок этди.

Маълумки, охирги 5 йил давомида фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг арзонлиги ва эркин муомаласини таъминлашга қаратилган ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинганлиги бу борада муҳим қадам бўлди. Қарорга мувофиқ четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси аҳолисини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашни яхшилаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги Қарори билан Ижтимоий дорихона фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Низомга асосан, ижтимоий дорихоналарнинг хизмат кўрсатиш радиуси аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиши, шаҳарларда 2-3 км, қишлоқ ҳудудида 5-10 кмдан кўп бўлмаган масофада жойлашиши белгиланган.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар, туман Кенгашидаги партия гуруҳлари аъзолари томонидан ташкил этилган Ишчи гуруҳи томонидан Тошкент шаҳрида яшаётган кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашнинг аҳволи тўла ўрганиб чиқилди. Ишчи гуруҳи ижтимоий аҳамиятга молик дори маҳсулотлари нарх-навоси бўйича депутатлик, нодавлат нотижорат ташкилотларининг қатъий жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратди.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП электорати вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида “Ижтимоий дорихоналар” бўйича жойларда ўтказилган ўрганишлар натижалари маълум қилинди. Ижтимоий дорихоналарда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатига кирувчи дори воситалари ва тиббий буюмлар билан чекланган нархлардан ошмайдиган нархларда, дорихона ассортиментидаги дори воситалари ва тиббий буюмлар билан тўлиқ ҳажмда таъминланиш даражаси қониқарли даражада эмаслиги муҳокама қилинди.

Жумладан, аҳолига дори воситалари ва тиббий буюмларнинг мавжудлиги тўғрисида ахборот бериш имконини таъминловчи, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ижтимоий дорихоналар тармоғи бўйича ҳаракатланишининг электрон шаклдаги ҳисоб-китобини юритишда етарлича ишлар ташкил этилмаган. Аҳолини рўйхатга киритилган дорихона ассортиментидаги дори воситалари ва тиббий буюмлар, бошқа турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш, шунингдек, имтиёзга эга айрим тоифадаги шахсларни дори воситалари билан таъминлашда етарлича ишлар олиб борилмаган. Амбулатория шароитида даволашда имтиёзли бериладиган дори воситалари рўйхатига киритилган, ижтимоий дорихонада амалда мавжуд бўлган ва вақтинча мавжуд бўлмаган дори воситалари ҳақида туман тиббиёт бирлашмаларига ҳар чоракда маълумот тақдим этилиши етарли даражада эмас.

Кун тартибидаги масалалар бўйича маърузалар эшитилиб, фикр-мулоҳазалар тингланди. Бугунги кунда маҳаллий Кенгашлар роли ошиб бораётганини инобатга олиб, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда фаолият олиб бораётган партиямиздан сайланган депутатларимизни жойларда мавзу юзасидан мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклифларини дадил айтишга чақирилди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш