Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар томонидан Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини таъминлаш, шаффоф, коррупциядан ҳоли, мустақил ва адолатли суд тизимини яратиш давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда юртимизда инсон қадрини улуғлаш борасида муҳим ишлар амалга оширилди. Мазкур қонун лойиҳаси ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, фракция аъзолари электорат нуқтаи-назаридан ҳужжатни муҳокама қилдилар.
Хусусан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 11-моддасига киритилаётган ўзгартишлар ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки юридик шахснинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органларининг ресурсларига қараганда бир мунча чекланган бўлишини инобатга олиб, маъмурий суд ишларини кўришда суднинг фаол иштироки орқали тарафларнинг тенг имкониятларини таъминлаш йўлга қўйилиши назарда тутилмоқда. Яъни, адолатни таъминлаш мақсадида суд ўз ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи тарафларнинг илтимосномаси бўйича қўшимча далилларни тўплайди, шунингдек, маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини ҳал қилишга қаратилган бошқа ҳаракатларни амалга оширади.
Депутатлар ҳужжат юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, айрим моддаларга яна қўшимча ва тузатишлар киритилиши бўйича ўз таклифларини бергач, қонун лойиҳасини маъқулладилар.
Йиғилишда «Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Маълумки, биологик фаол бирикмалар билан ишлаш қоидаларининг бузилиши инсон саломатлиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атроф-муҳитга хавф туғиради, озиқ-овқат маҳсулотларинг сифатини пасайтиради. Бироқ жаҳон миқиёсида минерал ўғитлар ва кимёвий воситалардан фойдаланиш тобора кенгайиб бораётгани инобатга олиниб, хавфли кимёвий моддаларнинг қишлоқ хўжалигига таъсирини имкон қадар камайтириш чораларини излаш заруратга айланмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасида ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат бошқаруви ва назорати, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари, кимёвий моддалар, биологик воситалар ва материалларни сақлаш, қўллаш, зарарсизлантириш, йўқ қилиб юбориш, утилизация қилиш, ташиш ва кўмиб ташлашга доир талаблар киритиш масалалари назарда тутилмоқда. Қонунни ишлаб чиқишда пестицидлар ва минерал ўғитларни бошқариш бўйича халқаро кодекслар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг раҳбарий ҳужжатлари, тавсияларидан фойдаланилган бўлиб, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини нафақат фойдалилик хусусиятлари, балки уларни сақлаш жойлари, яроқлилик муддатлари, далагача кириб бориш жараёнларини тўлиқ назорат остида тутиш белгиланмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг инсон саломатлигини асраш ва ўсимликларни ҳимоя қилишда муҳимлигини ҳисобга олиб, унинг самарадорлиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Қизғин муҳокамалардан кейин қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Йиғилишида муҳокама этилган бошқа масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.