Депутат ёрдами билан саҳро бағрида тиббиёт пункти ташкил этилди

Ўзбекистон Президентининг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида аҳолига қулайлик яратиш, инсон қадрини улуғлаш мақсадида маҳаллаларда, олис ва чекка ҳудудларда истиқомад қилувчи аҳоли учун тиббий пунктлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган эди. Бухоро вилояти Ромитан туман марказидан 300 км масофада жойлашган Қизилравот маҳалласидаги Гугуртли овулда "Маҳалла тиббиёт пункти" қад ростлади. 

Вилоят кенгаши депутати Н.Милтикбаеванинг юқори ташкилотларга депутатлик сўровлари билан чиқиши ўз самарасини берди.  Очилиш маросимида Ромитан туман ҳокими ўринбосари Ф.Ж. Саломов ўз сўзида мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун мослаштирилган янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, тиббий хизмат сифати юксалиб бораётганини таъкидлади.

Тиббий пункт зарур жиҳозлар, ускуналар билан таъминланди, шифокор ва патронаж ҳамширалари бириктирилди. Умуман бу ерда шифокорлар учун ҳам беморлар учун ҳам барча қулайликлар яратилган.

Гугуртли овулида яшовчи аҳоли энди тиббий хизмат учун узоққа бориб юрмайди. Улар кўча гузарида очилган тиббий пунктда тиббий кўрикдан ўтиш, турли тиббий муолажаларни олиш имконига эга бўлди. Бундан аҳоли мамнун ва қувончи юзидаги табассумида ўз ифодасини топган.

← Рўйхатга қайтиш