Маҳалла минг йиллар давомида шаклланган, халқимизнинг ўзига хос қиёфасини кўрсатиб турадиган ноёб ижтимоий тузилма. Маҳаллаларда истиқомат қилувчи инсонларда бирдамлик ва бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлаш қадрият даражасига кўтарилган. Шу билан бирга, маҳалла тизимининг айрим йўналишларда имкониятлари чеклангани, масалан, маблағи бўлмагани сабабли кўплаб муаммоларга ечим топилмаган.
Президентимизнинг «Маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш ва молиявий имкониятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан юқоридаги муаммоларга ечим топиш мақсадида ҳар бир маҳалла учун Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ташкил этилмоқда.
Мазкур жамғарма маҳалла ҳудудида 2000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчисининг буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотишдан тушадиган, маҳалланинг мол-мулкини ижрага беришдан олинадиган, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорларига асосан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратиладиган, ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳамда ижисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг техник кўмак маблағлари ҳисобига шакллантирилади.
Жамғарма маблағлари маҳалла ҳудудидаги ички йўллар, электр энергияси ва табиий газ тармоқлари, ичимлик ва оқова сув тизимини таъмирлаш, тиклаш ишларига йўналтирилиши кутилмоқда.
Шунингдек, маҳалла биноси, маҳалла ҳудудида жойлашган спорт майдони, нуронийлар чойхонаси, ёшлар маркази, болалар майдончаси, кутубхона, маданият марказини қуриш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни зарур инвентар, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ускуналар билан жиҳозлаш ҳам жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Маҳалла ҳудудида инфратузилмани ривожлантириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий кўмаклашиш, уларнинг турар жойларини таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга оширишда эндиликда маҳалла тизими тўсиқларга учрамайди.
Президентимизнинг ушбу қарори жамиятимизнинг кўзгуси ҳисобланмиш маҳаллаларимизга қўшимча куч, шижоат беради, катта масъулият юклайди. Белгиланган вазифаларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши маҳаллаларни ҳаётимиздаги аҳамиятини янада оширади.
Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси