Сурхондарё вилояти Музработ тумани "Сополлитепа" маҳалласидаги 34-умумтаълим мактабида туман ҳокими, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Эркин Алимов, туман халқ қабулхонаси раҳбари Акбар Жумақулов, Ўзбекистон ХДП Музработ туман кенгаши раиси Панжи Норматов ва депутатлик гуруҳи иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди.
Аҳоли билан мулоқот чоғида Э.Алимов ҳар бир маҳаллада кўтарилган вазифаларни ҳар бир раҳбар, хар бир депутат одамлар билан доимий ишлаб, ҳудудларда яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, долзарб муаммоларни аниқлаш, мурожаатлар қонуний ва сифатли кўриб чиқилишига эришиш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишларни такомиллаштириш, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида жойларда учрашув ва сайёр қабуллар ўтказиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Сайёр қабулда тушган мурожаатларнинг бир қисми жойида ҳал этилди. Вақт ва пул маблағлари талаб қилинадиган мурожаатлар депутат томонидан назоратга олиниб, уларни ижобий ҳал қилиш учун керакли чора-тадбирлар белгиланди.