Бармоқларда олам тафти расмлар танлови

Ўзбекистон Халқ  демократик партияси Наманган шаҳар Кенгаши томонидан  Наманган шаҳридаги  “Ахсикент” меҳмонхонасида “Бармоқларда олам тафти” лойиҳаси доирасида  амалий тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ХДП вилоят ва шаҳар кенгаши масъуллари, вилоят кар-соқовлар жамияти аъзолари,  рассом Мухаммаджон Жалилов ҳамда сурдо таржимон Севара Амановалар иштирок этди. Очилиш маросимида сўз олганлар юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёни замирида, аввало инсон қадри улуғланаётганлигини эътироф этишди.

Фарзандим Муҳаммаджон имконияти чекланганига қарамай, истеъдодли.  Табиат манзараларини ва кўрганларини ўз расмлари орқали чиройли тасвирлайди - дейди отаси Аҳмаджон Жалилов.   – У Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтини тамомлаганидан сўнг ўз фаолиятини уйда давом эттирди.  Лекин ижодкор инсонга барибир ижодий кайфият бағишлайдиган қулай муҳит, яхши бир жамоа керак экан. Мен шу мақсадда Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Абдувохид Азимовга  мурожаат қилдим ва мурожаатим ўз вақтида ижобий ечим топиб, ўғлим “Ахсикент” меҳмонхонасига рассом сифатида ишга қабул қилинди. Бугун ўғлим чизган расмлари  “Ахсикент” меҳмонхонаси хоналарини безаб турибди ва вилоятимизга  ташриф буюрган туристлар томонидан эътироф этилаётганидан хурсандман.

Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан ўтказилган расмлар танловида ёш мусаввир Малика Усмонованинг Наманган шаҳридаги тинчлик стелласининг моҳирона тасвирлангани ижобий баҳоланди. Бўлажак ёш рассомларга ўз истеъдодларини  ривожлантиришлари учун мутахассислар томонидан тегишли тавсиялар берилди.

Тадбир якунида фаол иштирок этган ёшларга шаҳар партия кенгашининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

← Рўйхатга қайтиш