Тадбиркорлик – тўкинлик ва тараққиёт демакдир

Тан олиб айтиш керакки, салкам бир юзу эллик йил мобайнида тутқунликда яшаб, эскича иш услублари қон-қонимизга сингиб кетгани боис жамиятда томир ёйган айрим иллатлардан халос бўлишимиз осон кечмаяпти.

Янгиликнинг йўлига ғов бўлиш, пешқадамлар йўлига сунъий тўсиқлар қўйиш каби нохуш ҳолатлар учраб турибди. Тўрачилик кайфияти, кераксиз сансалорликлар ортиқча сарф-харажат ва овворагарчиликларга сабаб бўлмоқда.

Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари тадбиркорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доимий эътибор қаратиб келмоқда.

Президентимизнинг 22 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ва унда илгари сурилган ташаббуслар ҳам ишбилармонлар ҳимояси йўлида ташланган улкан қадамлардан бири бўлди.

Давлатимиз раҳбари бешта асосий йўналишни кўрсатиб ўтиб, уларнинг ҳар бири бўйича кўплаб ташаббусларни илгари сурди. Биринчи йўналишда корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашувлар белгиланди. Хусусан, йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган корхоналар – микро бизнес, 10 миллиард сўмгача бўлгани – кичик бизнес ва 100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес тоифасига киради.

Шундан келиб чиқиб, 2023 йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади. Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди. Ушбу имкониятлар 370 минг тадбиркорга енгиллик яратади.

Ўтган йилги очиқ мулоқотда давлатимиз раҳбари бизнес учун солиқ юкини камайтириш сиёсатини давом эттиришга ваъда берган эди. Пандемия келтирган иқтисодий қийинчиликларга қарамай, 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилиши маълум қилинди. Тадбиркорлар учун яна бир енгиллик. Жорий йил 1 июлдан бошлаб бўш бино ёки фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан солиқларнинг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилинган эди. Тадбиркорларнинг шу тарзда илгари ошириб ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан ҳам воз кечиладиган бўлди.

Иккинчи йўналиш қулай молиялаштириш тизимига оид бўлди. Шу мақсадда кичик бизнес лойиҳаларига 20 триллион сўм йўналтирилиши белгиланди. Бундан ташқари, тижорат банклари халқаро молия институтларидан ҳам маблағлар жалб этади.

Учинчи йўналишда туман ва шаҳарларнинг шароитидан келиб чиқиб, бизнес учун алоҳида ёндашувлар жорий этиш масаласи кўрилди. Келгуси йилдан шарт-шароити бўйича барча туман ва шаҳарлар 5 та тоифага ажратилади. Уларда солиқ, субсидия, кредит фоизлари учун компенсация ва кафиллик бериш, инфратузилмага улаш бўйича алоҳида тартиблар белгиланади. 

Тўртинчи йўналиш тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқи ҳимояси билан боғлиқ. Ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш, тергов жараёнида мол-мулкни хатлаб қўйишни фақат суд ҳал қилади. Шунингдек, тадбиркорларнинг судларга мурожаат қилиш имконияти кенгайтирилади. Жумладан, маъмурий судларга ариза беришда давлат божи ставкаси 2 баробар камайтирилади. Тадбиркорларнинг солиқ идоралари қарори устидан судга шикоят киритиш муддати ҳозирги 1 ойдан 3 йилгача узайтирилади.

Бешинчи йўналишда тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масалаларига оид. Аввало, тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинди. Келгуси йилдан 26 та идоранинг такрорланувчи назорат функциялари бекор қилинади. Шу пайтгача солиқ текширувларига оид жарималар тури кўплиги ва оғирлиги тадбиркорларни ўйлантираётган асосий муаммолардан эди.  Мисол учун, ойига ўртача 1 миллион сўм солиқ тўлайдиган кичик тадбиркорларга 5 миллиондан 10 миллион сўмгача молиявий жарима қўлланмоқда. Яъни, кичик тадбиркорлар учун ҳам, йирик корхоналар учун ҳам жазо бир хил. Президент барча турдаги текширувлар Бизнес-омбудсман томонидан мувофиқлаштирилиши, жарималар миқдори тадбиркор тўлаётган солиқ миқдоридан ошмаслиги кераклигини таъкидлади. Умуман, энди савдо соҳасида ишлайдиган тадбиркорларни қарийб 30 йилдан бери қийнаб келадиган муаммо барҳам топади – яъни, савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади.

Мулоқотда тадбиркорларни маънавий қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Давлатимиз раҳбари кўп иш ўринлари яратган, ўз соҳасида инновация ва ислоҳотлар қилган, эл-юрт орасида обрў қозонган бизнес вакиллари меҳнатини эътироф этиш учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этиш таклифини билдирди. Савдо-саноат палатаси фаолиятини такомиллаштириш зарурати ҳам кўрсатиб ўтилди. Энди унинг вазифа ва ваколатлари кенгайтирилади. Хусусан, ҳукуматга кўриб чиқиши мажбурий бўлган масала киритиш, тадбиркор манфаатини кўзлаб Олий судга ариза бериш ваколатлари берилади. Савдо-саноат палатаси ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилади ва тадбиркорлар манфаатининг чинакам ҳимоячисига айланади. Ушбу очиқ мулоқотда айтилган барча таклифларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилиши белгиланди.

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

← Рўйхатга қайтиш