Сайловчилар билан мулоқот ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Шарофиддин Назаров ўз сайлов округида учрашувларни бошлади.  Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги арафасида Қашқадарё вилоятида, жумладан янги ташкил этилган Кўкдала туманида ҳам янги бинолар ҳамда иншоотлар  очилмоқда. Туманда “Қаноатли”  ва “Бегламиш” маҳалла фуқаролар йиғини биноси фойдаланишга топширилди. Бу маҳалла аҳолиси учун қўшалоқ байрам сифатида нишонланди. Учрашувда сўзга чиққан Шарофиддин Ҳакимович мустақиллик байрамини фуқароларимиз кўтаринки руҳда кутаётганлигини таъкидлади.

- Ватанимиз истиқлоли ҳақида қанча гапирсак, қанча ёзсак ҳам оз. Зеро, мустақиллик ҳуқуқ, тинчлик, барқарор ривожланиш, умуман инсон манфаати учун ҳамма нарса! Истиқлол шарофати билан миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик қарор топди, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик кафолатланди. Энг муҳими, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш бўйича кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда – деди Ш. Назаров.

Очилиш маросимида таъкидланганидек, Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигини муносиб кутиб олиш ва ушбу қутлуғ санани юксак даражада нишонлаш мақсадида имзоланган қарорда бу йилги байрам “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғоя остида нишонланиши белгиланди.  Бу ғоя замирида ниҳоятда теран маъно-мазмун мужассам экани шубҳасиз. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият сифатида намоён бўлаётганидан, фуқароларимизнинг эмин-эркин яшаш, уй-жой ва ер-мулкка эга бўлиш, соғлиқни сақлаш, билим олиш каби табиий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганидан, келажакда ҳам бундай ислоҳотлар бардавом бўлишидан дарак беради.

Қарорда белгиланганидек, бу йилги Мустақиллик байрамини юртимизнинг барча шаҳар ва туманлари, қишлоқ ва овулларида кенг нишонлашимизга етарлича асосларимиз бор. Чунки амалга оширилаётган ислоҳотларимизда ҳар бир ватандошимиз ўзига яраша муносиб ҳиссага эга. Ушбу қарор жонажон Ватанимизда инсон шаъни, обрўси ва ғурури, умумий қилиб айтганда, инсон қадрини янада улуғлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Шунингдек, депутат сайловчиларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда ўзи раҳбар бўлган бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси фаолияти тўғрисида тушунчалар берди ва сайловчилар билан мулоқот ташкил этилди.

 

← Рўйхатга қайтиш