Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Дилором Имомова Шаҳрисабз туманидаги сайловчилар билан учрашувларни бошлади.
Халқимизнинг тўйлари кўп, байрамлари бисёр. Лекин бу шодиёналар ичида барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақилликни қўлга киритган кун қадрли ва суюклидир. Айни кунларда халқимиз давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллигини муносиб кутиб олиш ва уни кўтаринки кайфиятда нишонлашга катта тараддуд кўрмоқда. Жойлардаги ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этиши юртимиздаги ислоҳотларнинг асосини ташкил этиши билан аҳамиятлидир. Ушбу ғоят таъсирчан шиорни бугунги кунда ҳар бир ўзбекистонлик ўз қалбидаги бемисл фахр, ғурур, бахтиёрлик ва шукроналикнинг ёрқин, самимий ифодаси сифатида қабул қилмоқда. Депутат Дилором Имомова халқимизга байрам кайфиятини улашиш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш учун ўз ташрифини “Оқ олтин” маҳалласидан бошлади.
Мулоқот давомида маҳалла аҳлининг таклифлари инобатга олиниб “Оқ олтин” МФЙ ҳудудидаги ҳозирда бўш турган таъмирталаб бўлиб қолган “Баркамол авлод мактаби” биноси, депутат ва масъуллар томонидан ўрганилиб, бинони ҳомийлар ёрдамида таъмирлаб, мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиш белгилаб олинди.
Шунингдек, тумандаги “Улоч” МФЙ ҳудудидаги бўш турган эски мактаб биноси ҳам хомийлар ёрдамида таъмирланиб мактабгача таълим ташкилоти ташкил этишга келишилди.
Ташриф давомида туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқхона бўлими ўрганиб чиқилди. Масъулларга аниқланган камчиликлар тушунтирилиб, жойида бартараф этилди ва тегишли курсатмалар берилди.
Депутат томонидан сайловчилар қабули ўтказилди, мурожаатларнинг аксарият қисми жойида мутасадди раҳбарлар иштирокида ўз ечимини топди, 2 нафар фуқаронинг мурожаати атрофлича ўрганиб чиқиш учун рўйхатга олинди.
Депутатнинг сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.