Сайловчиларимиз билан маҳаллаларда, ташкилот-муассасаларда юриб, аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотда бўляпмиз, мурожаатлар ва таклифлар ҳам ўрганиляпти.
Дастлаб Денов туманидаги Сина қишлоғида Сина, Сунбула, Файзобод ва Дашти чинор маҳалла фаоллари билан учрашувлар ташкил этилди.
Аввало, мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғоя асосида “Янги Ўзбекистон ва маънавий янгиланиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда мустақиллик йилларида олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, 2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинган қонунлар, уларнинг одамлар ҳаётини яхшилашдаги аҳамияти, мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти жамоатчиликка тушунтирилди.
Нуронийларимиз Президентимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳолотлар эътироф этилди ҳамда қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, фуқаролар томонидан ички йўлларни таъмирлаш, аҳолини тоза ичимлик суви ва томорқаларни суғориш учун оқава сув билан таъминлаш, фуқароларни иш билан таъминлаш каби долзарб масалалар қўйилди. Мурожаатларни ҳал этиш бўйича режа ишлаб чиқилди ва назоратга олинди.
Таълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш юзасидан Денов туманидаги 82-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлдик. Айтиш керак, мактаб директори бошчилигида жамоа таълим муассасасини янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича меҳнат қилаётганининг гувоҳи бўлдик. Айрим муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга вазифа қўйилди, уларнинг ҳал этилиши юзасидан депутатлик назорати ўрнатилди.
Фирдавс Шарипов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси