Бугунги кунда давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича барча ҳудудларда «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз», деган бош ғояни ўзида мужассам этган кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда Қонунчилик палатасининг барча депутатлари ўз сайлов округида бўлиб, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Мустақиллик байрамига ҳамда конституцион ислоҳотларга бағишлаб очиқ мулоқот ва суҳбатлар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, тарғибот-ташвиқот ишларини фаол олиб боришмоқда.
Худди шундай учрашувлар депутат Улуғбек Вафоев томонидан Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида ўтказилмоқда. Депутат таъкидланганидек, бундан 31 йил олдин 1991 йил 31 август куни мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк тарихий воқеа юз берди. Неча юз йиллар давомида келажакка катта умид ва ишонч билан қараб, ҳамиша сабр-матонат билан яшаган халқимиз улуғ орзусига эришди – ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритди.
Мустақиллик йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида муҳим ишлар бажарилди. Қисқа муддатда мамлакатимиз Конституцияси ишлаб чиқилди. Замонавий давлатчилик асослари, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари шаклланди. Мамлакатимиз мустақиллигини ва халқимизнинг тинч ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган Қуролли Кучлар барпо этилди. Миллий валютамиз – сўм жорий қилинди, олтин-валюта захираларимиз шакллантирилди. Қадимий тарихимиз, бой маданий меросимиз, миллий-диний қадриятларимиз, ўзлигимиз тикланди. Қисқа қилиб айтганда, халқимиз ўзининг мустаҳкам иродаси ва беқиёс салоҳиятини намоён этиб, тарихан қисқа фурсат ичида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.
Айниқса, охирги олти йил ичида, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилди. Ушбу қисқа муддат ичида Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилди, валюта бозори эркинлаштирилди, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди, инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилди, мажбурий меҳнат, шу жумладан, болалар меҳнати тугатилди, олий таълим тизими ривожлантирилди, университетларга қабул квоталари оширилди, миллий ва хорижий ОТМлар филиаллари очилди, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва давлат органларининг очиқлиги бўйича янги тизим жорий этилди, тадбиркорлик муҳити яхшиланди, камбағаллик расмий даражада тан олиниб, уни қисқартириш бўйича комплекс ёндашув шаклланди, коррупцияга қарши курашиш бўйича амалий ишлар бошланди. Албатта, янги ислоҳотларни узоқ санаш мумкин. Лекин, мухтасар айтганда, ушбу ислоҳотларнинг асосий мақсади Янги Ўзбекистонни барпо этиш, яъни халқпарвар давлатни барпо этиш ҳамда ушбу давлатда инсоннинг қадр-қимматини таъминлашдир.
Учрашувлар кўтаринки кайфиятда, самимий ва қизиқарли ўтмоқда. Сўзга чиққан нуроний ва ёшларимиз, турли миллат вакиллари, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватламоқдалар.
Айниқса, охирги йилларда аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёшлар, хотин-кизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш бўйича қилинаётган ишлар юқори баҳоланмоқда.
Сўзга чиққанлар бугунги тинч ва эркин ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшаш кераклиги, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларни собитқадамлик билан давом эттириш муҳимлиги, бу жараёнда барчамиз давлатимиз раҳбарига камарбаста бўлишимиз лозимлигини алоҳида таъкидлашди.