Ёввойи, йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни сақлаш тақиқланмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Депутатлар Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.

Қонун лойиҳасининг мазмуни ҳақида маълумот ва асослар келтирилди. Маълум қилинишича, қонун ҳужжатларида ёввойи, йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни уй шароитида сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш масаласи ҳуқуқий тартибга солинмаганлиги туфайли сўнгги вақтларда бу турдаги жониворларни жамоат жойларида олиб юриш, тўй, юбилей ҳамда бошқа оилавий тадбирларга олиб бориш ҳолатлари ортиб бормоқда. Бу каби ҳолатлар бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф туғдириши мумкин.

Фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаролар томонидан жамоат тартибига риоя этилишини таъминлаш мақсадида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 43-моддасига айрим ўзгартиришлар киритилмоқда. Яъни, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ, ёввойи, йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни юридик ва жисмоний шахслар томонидан сақлаш тақиқланиши кўзда тутилмоқда.

Бундан айрим ҳоллар мустасно бўлиб, ҳайвонот боғлари, террариумлар, цирклар, океанарийлар, дельфинарийлар, табиий питомниклар, илмий ва ўқув мақсадлари учун илмий ва таълим ташкилотларида сақлашга махсус рухсатнома асосида йўл қўйилиши белгиланмоқда. Фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳаси аҳоли хавфсизлиги ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида ишлаб чиқилганини эътироф этиб, дастлабки кўришда маъқуллашди. Шунинг билан бирга, иккинчи ўқишгача аниқлаштириш ва такомиллаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар ҳам билдирилди. Масъул қўмита билан ҳамкорлик қилинадиган бўлди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Лойиҳанинг мазмуни қабул қилинаётган қонунларнинг кенг жамоатчиликка тушунарли бўлишига эътиборни кучайтиришдан иборат. Шу мақсадда қонунчиликдаги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига содда ва тушунарли тарзда етказиш учун қонунларда муқаддималардан фойдаланиш тартиби йўлга қўйилган. Бироқ қонун лойиҳаларида муқаддима қисмини парламент мажлисида кўриб чиқишнинг ҳуқуқий механизмлари етарлича очиб берилмаган. Жумладан, амалдаги қонунларга мувофиқ қонун лойиҳаси бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида иккинчи ўқишда овоз бериш, қоида тариқасида, моддама-модда ўтказилади. Бундан ташқари, овоз бериш боблар ёки бўлимлар бўйича, шунингдек бир неча моддалар бўйича бир вақтнинг ўзида ўтказилиши мумкин.

Бироқ қонуннинг муқаддимаси юқорида санаб ўтилган таркибий бирликларнинг бирортасига ҳам кирмайди. Лекин қонун лойиҳасининг муқаддимаси ҳам муҳокамадан ўтгач тасдиқланиши мақсадга мувофиқдир. Қонун лойиҳаси депутатлар эндиликда қонун лойиҳаси бўйича, қоида тариқасида, унинг номига, муқаддимасига (агар мавжуд бўлса), ҳар бир моддасига алоҳида-алоҳида овоз бериши назарда тутиляпти. Фракция аъзолари бу янгиликни тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдиришди.

Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти тингланди. Комиссия ахборотида ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка жалб этиш каби муҳим масалаларни ўрганиш юзасидан бир қатор назорат-таҳлил тадбирлари ташкил этилгани, «Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз ёшларнинг муаммоларини бартараф этиш мақсадида улар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилгани айтиб ўтилди.

Атрофлича муҳокамалардан кейин фракция аъзолари айрим таклиф-тавсияларни билдирган ҳолда, комиссия ахборотини қўллаб-қувватлади.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш