Шофиркон туманининг Чуруқ овулида байрам

 

Маълумки, шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув, мулоқотлар, концерт дастурлари бўлиб ўтмоқда. "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" деган шиор остида нишонланаётган байрам куни кеча Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги Чуруқ овулида ҳам кенг тантана қилинди. Шу куни эрта тонгдан туман ҳокими, вилоят кенгаши депутати Жамшид Шаропов, вилоят кенгаши раиси З.Туйева, сектор раҳбарлари ва қатор ташкилот, корхона, муассасалар масъуллари энг улуғ, энг азиз айём - Истиқлолнинг 31 йиллик тўйи билан қутлаш мақсадида Чуруқ аҳоли пунктида бўлдилар.

Шофиркон тумани марказидан 110 километр узоқликда, Қизилқум кенгликлари бағридаги Чуруқ овулида бугунга келиб аксари қозоқ миллатига мансуб 40 та хонадон ва жами 251 нафар аҳоли истиқомад қилмоқда. Тирикчилик манбаи асосан чорвачилик бўлган овул хонадонларида парвариш қилинаётган қорамол сони қирқдан ошган бўлса, яйловда қарийб 1,5 минг бош қўй-қўзи ва эчкиси, яна ҳар бир хонадон ўртача 15 бош паррандасига эга.

Овулдаги 39-умумтаълим мактабида ҳозирда 31 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Мактабда 24 нафар ўқитувчи-педагог фаолият кўрсатади. Мутасаддилар дастлаб мазкур муассасада бўлиб, янги ўқув йили олдидан қилинган ишлар, олиб борилган тайёргарлик жараёни, мактаб ҳолатини кўздан кечиришди. Вилоят кенгаши депутати Жамшид Шаропов жорий ўқув йилида 1-синфга қабул қилинадиган 4 нафар ёшни мактабга қадам қўяётганлиги билан табриклаб, уларга "Президент совғаси"ни топширди.

23-сон давлат мактабгача таълим ташкилотининг Чуруқ филиали ҳудуддаги мактабгача ёшдаги болажонларни мактаб таълимига тайёрлашда пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Бу масканда 4 нафар тарбиячи 8 нафар тарбияланувчиларга таълим-тарбия бериб келишаётир. Мазкур муассасада бўлган меҳмонлар болалар учун яратилган имкониятлар билан танишишди. Жамоани мустақилликнинг 31 йиллиги билан қутлаб, тарбияланувчиларга байрам совғалари топширилди.

Кексалар дуосини олиш, уларни улуғ айём кунларида йўқлаш, ҳолидан хабар олиш анъанага айланган. Бу гал ҳам шундай бўлди. Туман ҳокими бошчилигидаги масъуллар 80 ёш остонасида турган Турди ота Ҳайитовнинг хонадонида бўлиб, ундан ҳол сўрашди. Оила бекаси Жумагул Кенжабаева билан узоқ йиллардан бери бахтли, тинч яшаб келаётган бу оила овулликларга ҳар томонлама ибрат. Турди бобога байрам туҳфаси сифатида пул маблағи, совғалар топширилди. Шунингдек, отахон шу ернинг ўзида шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Турди ота кўрсатилаётган эътибор ҳамда совға-салом учун ташаккур билдириб, дуога қўл очди. Депутат Жамшид Шаропов Турған Гушанов ва Сиёгул Нурмахановаларни ҳам йўқлаб борди. Хонадон эгаларини энг улуғ байрам-Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги билан табриклаб, эзгу тилакларни билдирди.

Аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатишни яхшилаш мақсадида туманнинг чекка маҳаллаларида икки хил ўлчам ва кўринишдаги, махсус мослаштирилган контейнердан иборат тиббиёт пунктларини фойдаланишга топшириш мақсад қилинган. Ана шундай маҳалла тиббиёт пунктларидан бири Чуруқ овулида ҳам иш бошлади. Пункт эл саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволашда барча қулайликларга эга. Унинг очилиш маросимида мазкур тиббиёт масканининг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда узоқ йиллар хизмат қилишига тилак билдирилди.

Шу куни овулда "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" шиори остида ёшлар, ўрта ёш вакиллари, нуронийлар иштирокида "Уч авлод" учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Туман сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, ҳамкор ташкилотлар, турли соҳаларда самарали ва ибратли фаолият юритиб келаётган кексалар, истеъдодли ёшлар иштирок этган маънавий-маърифий тадбирда ўтган йиллар мобайнида юз бераётган ўзгаришлар, ислоҳотларнинг инсонлар турмуш тарзида акс этаётгани, қўлга киритилаётган натижалар, муваффақиятлар хусусида сўз борди.Туман маданият бўлимининг хонандалари юрт, ватан, она, инсоний фазилатлар ҳақидаги қўшиқлари билан байрамга ўзгача кайфият улашдилар.

Шунингдек, туман "Деҳқон бозори" МЧЖ ва Шофиркон савдо комплексидаги сотувчи-тадбиркорлар томонидан овулликлар учун арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкиллаштирилди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш