Мустақиллик — эн улуғ неъмат. Юртимизда ҳар йили мустақиллик байрамини алоҳида шиор остида нишонлаш гўзал анъанага айланган. Мустақиллигимизнинг 31 йиллик шодиёнаси “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан тингладим.
Бу йилги байрам менинг ҳаётимда ўчмас из қолдирди, десам муболаға бўлмайди. Сабаби мустақиллик байрами арафасида Президентимизнинг фармони билан “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бу мукофот нафақат менга, балки Қонунчилик палатасининг барча депутатларига берилган юксак баҳо деб биламан.
Меҳнат фаолиятим давомида катта тажрибага эга бўлдим. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида аҳоли муаммоларини ҳал этиш, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича ташаббусларни амалга оширишга баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келяпман.
Ушбу мукофот менга қанча куч-қувват берган бўлса, ўз навбатида, елкамга катта масъулият ҳам юклайди. Эндиликда аввалгидан ҳам кўпроқ ишлашни мақсад қиляпман. Жонажон ватанимизни гуллаб-яшнашида бор куч ва салоҳиятимни сарфлайман.
“Янги Ўзбекистон” боғида давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган байрам шодиёнасида сенаторлар, депутатлар қаторида мен ҳам иштирок этарканман, олдимизда ҳали кўп қилиниши керак бўлган ишлар боргини англадим.
Президентимиз ўз нутқида кўп миллатли халқимизни мустақиллигимизнинг 31 йиллиги билан табриклаб, бугун ҳамманинг жойи халқнинг ичида эканлигини ва вазирдан тортиб ҳоким, депутатлар, сенаторлар ҳамма-ҳаммаси халқдан куч олиб, янги ёндашув асосида халқимизга хизмат қилаётганини аҳолида эътироф этди.
Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда аҳоли, хусусан, сайловчилар билан доимий мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятининг устувор йўналишига айланди. Илгари халқ вакиллари бир йилда уч-тўрт марта учрашувларга чиққан бўлса, ҳозир улар ҳар ойнинг охирги ҳафтаси халқ билан мулоқот қилиб, мавжуд муаммоларга ечим изламоқда.
Рағбат инсонга куч беради, уни янги марралар сари руҳлантиради. Ҳозир олдимизда турган муҳим вазифаларни бажаришда биздан фидойилик ва сайловчиларни рози қилишдек вазифалар турибди.
Шу нуқтаи назардан, бундан буён нафақат мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганишимиз, балки ижтимоий ҳаётнинг муҳим жабҳаларидаги ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга халқнинг фикри ҳамда аҳоли манфаатларини инобатга олишимиз, одамларни рози қилиш йўлида янада кўпроқ меҳнат қилишимиз энг муҳими, меҳнатимиз билан Президентимиз, халқимиз ишончини оқлашимиз лозим.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.