Дунёда, инсон ҳаётида байрамлар, қувончли кунлар кўп, лекин байрамларнинг ҳеч бири Мустақиллик каби миллионлаб қалбларни бирлаштира олмайди. Янги Ўзбекистон боғида Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали байрам тадбирида ҳам халқимизнинг ҳамжиҳатлик ва буюк бунёдкорлик қудрати намоён бўлди, қалбимиз фахр-ифтихорга лиммолим тўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев истиқлолимизнинг қутлуғ санаси билан халқимизни муборакбод этиб, эзгу тилакларини йўллаганида ҳаммамиз ҳаяжонландик. Ватандошларимиз тарихий мақсад – Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида бирдам ва собитлигига, Чўлпон куйлаганидек, халқ – денгиз, халқ – куч эканига яна бир бор амин бўлдик.
Янги Ўзбекистон ғоясининг негизи бўлган стратегик мақсадлар изоҳлаб берилди. Янги Ўзбекистон ҳар бир фуқаронинг ҳаётини янада яхшилаш мақсадида давлат хизматларидан фойдаланиш учун кенг имкониятлар берадиган, одамлар ўз муаммолари ҳақида очиқ гапириши ва уларнинг ечими учун биргаликда ҳаракат қилишларига барча шароитлар мавжуд бўлган, ҳамма учун адолатни сўзсиз таъминлаш имкониятини берадиган ҳамда фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлган, тадбиркорликнинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратилган давлат экани уқтирилди.
“Янги Ўзбекистон деганда, ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган, очиқ ва адолатли жамият ҳам тушунилади”, деди Президент.
Ҳар бир изоҳнинг замирида аниқ мақсад бор ва уларга етишиш учун бугундан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Юқорида кўрсатиб ўтилган йўналишлар халқимизнинг барча қатламлари ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишига, давлатимизда бошқарув тизими юксалишига хизмат қилиши баробарида Ўзбекистонни ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб киришда муҳим кафолат вазифасини ҳам бажаради. Умуман, Президент келтирган изоҳлар замонавий, очиқ, демократик давлатчиликнинг туб моҳиятини ташкил қилади
Мустақиллик бир ёки бир неча йиллик эмас, абадий тушунча. Унга муносиб бўлиш учун ҳар куни ҳаракатда бўлиш, бунинг учун ҳар бир инсонга шароит ва имконият яратиш жуда долзарбдир.
Шу нуқтаи назардан Давлатимиз раҳбари белгилаб берган бешта асосий вазифани бажариш давлат ва жамият имкониятлари ҳамда саъй-ҳаракатларини уйғунлаштиришни тақозо этади.
Хусусан, бизнесни ривожлантириш орқали қўшимча иш ўринлари яратилиши, камбағаллик қисқариши, аҳоли даромадлари кўпайиши, бунинг учун хусусий мулк ва тадбиркорликка халақит бераётган барча тўсиқлар бартараф этилиши қайд этилди.
Мазкур йўналишда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг кайфиятини кўтариб, одамларнинг ўз ҳаётини меҳнат ва саъй-ҳаракат билан ўзи яхшилашига интилишини оширди. Бундай катта иштиёқни, ишончни, айниқса, ёшларда уйғотиш осон бўлгани йўқ. Мана, масалан, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга 650 миллиард сўм йўналтирилди. Кейинги икки йилда 174 минг нафар ёшнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 4 триллион 400 миллиард сўм имтиёзли кредитлар берилди. 560 минг нафарига деҳқончилик учун ер майдони ажратилиб, бандлиги таъминланди.
Пандемиядан кейин дунёда соғлиқни сақлаш масаласига муносабат анча ўзгарди. Жумладан, бирламчи бўғинни кучайтириш, оилаларга етиб бориш вазифаси қўйилди. Одам касал бўлиб, шифохонага келишини кутиб ўтирмасдан, профилактик чоралар кўриш қанчалик аҳамиятли экани пандемия даврида яққол кўринди.
Шу жиҳатдан Давлатимиз раҳбари тўртинчи вазифа сифатида соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига янада сифатли ва малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгайтирилиши, барча ҳудудларда шошилинч тиббий ёрдам қамрови оширилиб, одамларга янада яқинлаштирилишини белгилаб берди.
Жорий йилда жойларда 85 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар очилиши натижасида 700 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизматлар яқинлашди. Ҳудудларда хирургия йўналишида қўшимча 27 турдаги, эндокринологияда 7, кардиологияда 14 турдаги юқори технологик амалиётлар жорий қилинди. 191 та туман ва шаҳар марказий шифохоналарида болалар реанимация бўлимлари, 208 та кўп тармоқли поликлиника ҳамда Тошкент шаҳридаги 71 та оилавий поликлиникада болалар бўлимлари ташкил этилди.
Давлатнинг фуқаролар олдидаги энг катта мажбуриятларидан бири тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳисобланади. Бу борада узоқ йиллар давомида ечимини кутиб қолган муаммолар бирма-бир ҳал этилмоқда. Албатта, бу катта сарф-харажат, жуда пухта ўйланган лойиҳаларни тақозо қиладиган соҳа.
Президент бешинчи асосий вазифа сифатида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи доимо диққат марказида бўлишини, соҳага жалб қилинаётган инвестициялар ҳажми кескин кўпайтирилишини таъкидлади. Бу 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида марказлашган ичимлик суви қамровини 87 фоизга етказиш, 155 та туман марказларида оқова сув тизимини янгилаш мақсадлари билан узвий боғлиқ вазифадир.
Эътибор берайлик, тоза ичимлик суви масаласи Давлат раҳбарининг доим эътиборида бўлиб келган. Рақамларга қаранг, 2017-2022 йилларда 12 триллион сўм эвазига 25 минг 300 километрдан ортиқ тармоқлар, 1 минг 800 дан зиёд сув иншоотлари қурилган ва қайта тикланган. Натижада 6 миллион 500 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сувидан баҳраманд бўлган, 4 миллиондан зиёд инсоннинг сув таъминоти яхшиланган.
Халқимизнинг яхши турмушини ўйлаб амалга ошириладиган лойиҳаларнинг сифатли бажарилиши, маблағлар мақсадли сарфланиши, аҳолига узоқ йиллар хизмат қилиши кўп жиҳатдан сиёсий партияларга, вакиллик ҳокимиятига, биз депутатларнинг талабчанлигимизга ҳам боғлиқ. Ҳудудларда ўрганишлар, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказганда лойиҳалар, қилинаётган ишлар ҳақида жамоатчиликни тўлиқ хабардор қилиб, аҳолининг муносабати, жамоат назоратини кучайтиришга устувор тамойил сифатида ёндашишимиз зарур.
Президент уқтирганидек, бугунги дунёдаги мураккаб вазият биздан ишнинг кўзини билиб, кечаю кундуз фидойи бўлиб самарали меҳнат қилишни талаб этмоқда. Эл-юрт бирлашиб, ягона аҳил оила бўлиб астойдил ҳаракат қилмоқда.
Халқимизнинг толеи доим баланд бўлсин, Мустақиллигимизни муносиб ва юксак натижалар билан нишонлаш ҳаммамизга насиб этсин.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари.
«Ўзбекистон овози», 27.07.2022, №30