Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг биринчи ярим йилликдаги ижроси муҳокама қилинди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг йиғилишида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.

Муҳокамалар жараёнида аҳолининг турмуш даражаси ошиши, иқтисодиётдаги реал ҳолат, партия дастурий мақсадлари амалга ошиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳисоботда келтирилишича, биринчи ярим йиллик давомида Ўзбекистон иқтисодиёти жадал равишда тикланишда давом этган, натижасида ЯИМ ҳажми жорий нархларда 389631,2 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 фоизга ўсган. Пандемиядан кейинги ҳолат ва дунёдаги мураккаб сиёсий-иқтисодий вазият ҳисобга олинса, мазкур ўсиш кўрсаткичини ижобий ҳисобланади.

Давлат бюджети даромадлари биринчи ярим йилликда 92,6 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган 87,3 трлн. сўм прогноз 106 фоизга ёки 5,2 трлн. сўмга ошириб бажарилгани қайд этилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,8 трлн. сўмга кўп бўлгани кўрсатилган.

Январь-июнь ойларида аҳоли жон бошига умумий даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20,0 фоизга ўсиб 7,97 млн. сўмни, аҳоли жон бошига реал умумий даромадлар 8,5 фоизга ошиб, 7,2 млн. сўмни ташкил қилган.

Ҳисобот даврида ташқи шоклар фонида инфляция даражаси тезлашгани, йил бошига нисбатан 6,5 фоизни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,2 фоизни ташкил этгани келтирилган. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 8,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 5,8 фоизга ва хизматлар нархи 3,3 фоизга ўсган.

Фракция аъзолари муҳокамалар пайтида айрим ижтимоий муҳим масалалага алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, бугунги кунда фуқароларнинг соғлиғини асраш, уларга малакали тиббиёт хизматларини кўрсатиш тизимини ривожлантириш бўйича катта ишлар амалга оширилаётгани, соҳага Давлат бюджетидан катта маблағлар ажратилаётгани, лекин уларни вақтида ва мақсадли ишлатишда айрим муаммолар кузатилаётгани кўрсатиб ўтилди. Аниқ мисоллар ҳам келтирилди. Эндокринологик касалликларга чалинган беморларни дори воситалари билан таъминлаш учун ажратилган маблағларнинг 22,2 фоизи ишлатилган, «Электрон соғлиқни сақлаш» тизимини кенг жорий этиш учун ажратилган маблағларнинг эса 30,0 фоизи ишлатилган. Бундай салбий ҳолат тиббий хизмат сифатига, фуқароларнинг ҳуқуқлари амалга ошишига ёмон таъсир кўрсатиши қайд этилди.

Ҳисоб палатасининг ахборотида Соғлиқни сақлаш вазирлигида “Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини қуриш” лойиҳаси доирасида қиймати 109,6 млн. доллар бўлган ускуналар, мебеллар тўлиқ етказиб берилмагани ҳамда қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилгани қайд этилган. Бюджет маблағларининг ўз вақтида ва мақсадли ишлатилиши юзасидан қандай амалий чоралар кўрилгани ҳақида мутасадди вазирликлар вакилларидан изоҳ сўралди.

Шунингдек, йиғилишда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-монтаж ишларини бажариш масаласига эътибор берилди. Бунинг учун 1.2 трлн. сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Аммо бугунги кунда ижтимоий соҳа объектлари учун 249,0 млрд. сўм ёки 21 фоиз маблағ молиялаштирилган, ўзлаштирилган маблағ ҳажми режага нисбатан 19 фоизни ташкил этган. Дастур доирасида маҳаллий бюджетдан ажратилган 1,4 трлн. сўм маблағнинг 289,4 млрд. сўми ёки 20 фоизи ўзлаштирилган холос. Бу ҳолатда дастурда белгиланган режалар йил охиригача амалга ошиши сўроқ остида қолишидан хавотир билдирилди.

Депутатлар бугунги кунда норасмий ва расмий секторда қанча одам меҳнат қилаётгани, уларнинг даромадлари билан маълумотлар қандай экани, норасмий секторни камайтириб бориш учун ҳукумат томонидан қандай амалий чоралар кўрилаётгани ҳақида кенгроқ ҳамда очиқ ахборот берилиши зарурлигини таъкидлашди.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижтимоий йўналтирилгани, фуқароларнинг устувор ҳуқуқларини амалга оширишга хизмат қилиши, дунёдаги мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳолатда ижтимоий ҳимоя вазифаларини самарали бажариш учун зарур чоралар кўрилаётгани қайд этилиб, ҳукумат ҳисоботи қўллаб-қувватланди.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш