Куни кеча юртимиз умумтаълим мактаблари яна ўқувчиларни ўз бағрига олди. Мамлакатимизда 6,5 миллиондан ортиқ ўқувчилар ўз устоз ва мураббийларидан янги билим ва кўникмаларни олишни бошлашди.
Албатта, ўқувчилар билан бирга ота-оналар учун ҳам ҳис-хаяжонли бугунги кунда Президентимизнинг умумтаълим мактабларининг барча ўқувчилари учун мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан берган топшириқлари барчани бирдек қувонтирди.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларининг ижара тўловлари миқдорлари кескин оширилиши жамоатчилик, ота-оналарнинг эътирозларига сабаб бўлди. Чунки, 2 ва ундан ортиқ фарзанди бор баъзи оилалар учун дарсликларнинг ижара тўлови ота-оналаримизни ташвишга қўйди.
Маълумки, оилаларнинг, хусусан ота-оналарнинг молиявий имкониятлари турлича. Аммо молиявий имкониятларнинг турлича бўлиши, фарзандларимизнинг билим олишига таъсир кўрсатмаслиги зарур. Давлатимиз раҳбарининг фарзандларимиз бир хил шароит ва ресурслар билан таъминланишига хизмат қиладиган, узоқни кўзлаб қабул қилган қарори давлат бюджетига бирмунча зарар келтириши мумкин, аммо таълимга киритилаётган сармоя эртанги кунда ўзининг ижобий самарасини беради, албатта.
Президентимиз томонидан сўнгги йилларда таълим тизимига катта устуворлик берилмоқда. Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрамига бағишланган тадбирдаги маърузада ҳам асосий эътибор таълимга қаратилгани бунинг яққол далилидир.
Фарзандларимиз мактабларда бепул таълим олишлари учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағ ажратилмоқда. Президентимиз томонидан яратиб берилаётган шароит ва имкониятларга жавобан фарзандларимиз эртага ўз касбининг яхши мутахассислари бўлиб етишса, келажакда бу маблағ ортиғи билан қайтади, зеро “Агар таълимга жиддий сармоя киритсангиз, у жуда жиддий натижаларни беради” деб бежизга айтилмаган. Шунинг учун, давлатимиз раҳбарининг кучли сиёсий иродаси туфайли, таълимга катта маблағ ажратилиб, ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.