Дарсликларнинг бепул бўлиши унинг қийматига қанчалик таъсир қилади?..

 

2 сентябрь куни 2022-2023 ўқув йили мактаб дарсликларнинг ижара нархи маълум бўлди. Унга кўра, таълим тили ўзбек синфлар учун дарсликлар тўпламларининг ижара нархлари 108 фоизга оширилди. Бу эса ота-оналар ва жамоатчилик орасида норозиликни келтириб чиқарди. Халқ таълими вазирлиги нарх ошишини янги дарсликларнинг чоп этилиш ҳаражатлари, хусусан дунё бозорида қоғоз нархи ва қоғозни Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича транспорт ҳаражатларининг кескин ошиб кетиши билан изоҳлади.

Янги дарсликларнинг чоп этилиш ҳаражатларининг, хусусан дунё бозорида қоғоз нархи (фақатгина 2022 йилнинг ўзида қоғоз нархи 60-70 фоизга ошган) ва қоғозни мамлакатимизга етказиб бериш бўйича транспорт ҳаражатларининг кескин ошиб кетиши, табиийки дарсликларни чоп етиш учун ҳаражатларнинг ҳам ошиб кетишига олиб келган.

Мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларининг ижара тўловлари миқдорлари кескин оширилиши муносабати билан кенг жамоатчилик, ота-оналар томонидан билдирилган эътирозлар юзасидан Президентга ахборот берилган. Мактаб дарсликлари болаларнинг умумий ўрта таълим олишида фавқулодда муҳим ўрин тутишини ҳисобга олиб ҳамда мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарини, қонуний вакилларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида давлат раҳбари Вазирлар Маҳкамаси ва Халқ таълими вазирлигига мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ берди.

Албатта бу кўплаб оилаларга анча енгиллик беради. Чунки ҳар бир оиланинг ҳеч бўлмаганда иккита фарзанди мактабга чиқади. Ҳар бир синфда 10 тадан 20 тагача дарслик бўлади. Белгиланган нарх билан умумий сумма албатта катталашиб кетади. 3-4 нафар фарзанди мактабга борадиган ота-оналарга эса бу қийинчилик туғдириши табиий.

Бунинг устига болаларнинг мактаб формаси, кийим-кечаги, йўл ва озиқ-овқат пуллари бор. Яқиндагина мактаб бозорига топган даромадининг анча-мунча қисмини ташлаб чиққан ота-оналарга дарсликлар ижараси тўлови оғирроқ бўлади. Тўғри, аслида аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари фарзандларига дарсликлар бепул берилиши таъминланган. Энди эса бу имкониятдан барча ота-оналар фойдаланиши мумкин бўлади.

Аммо масаланинг бошқа бир жиҳати ҳам бор. Яъни шунчаки, текин келган нарсаларни одатда қадрламаймиз. Жонимизни койитиб олмасак, пулимизни харжлаб қўлга киритмасак, ўша нарсага бўлган муносабатимиз ҳам негадир енгил бўлади. Унинг сифатига, яхши сақланиши ва чиройли тутишга беэътибор, лоқайд бўламиз. Биздан кейин ҳам ундан фойдаланишлари, бошқа болаларга нафи тегиши ҳақида ўйламаймиз. Ҳозиргина дарсликлар ижараси қимматлигидан норози бўлган, болаларини ўқитишга қийналиши ҳақида бонг урган ота-она эртага фарзандларига “болам, китобингни эҳтиёт қил, уни авайлаб ишлат, вароқларини йиртма, покиза сақла”, дейишни лозим топмайди. Ўқув йили сўнгида йиртилган, титилган, ифлосланган китобларни қайтаришга уялишмайди ҳам. Шу боис дарсликларнинг бепул берилиши ортидан уларни яхши сақлаш, сифатига жавобгарлик масаласини ҳам кучайтиришимиз, фарзандларимизда китобга хурматни шакллантириш, уни авайлаш масъулиятини кучайтиришимиз керак бўлади.

Биламизки, ҳар йили янги китоблар чоп этишга катта маблағ сарфланади. Дарсликлар фойдаланишга яроқлилигини йўқотса, эҳтиёжга кўра қайта чоп этишга тўғри келади. Жорий йилда Президент фармони билан умумтаълим мактабларининг 3-, 6-, 7- ва 10-синфлари учун тўлиқ, шунингдек 2- ва 3-синф учун машқ дафтарлари, барча синфлар учун инглиз тили, немис тили ва рус тили фанларидан жами 60 миллион нусха янги авлод дарсликлари (2021 йилда 25 миллион дарслик) чоп этилмоқда. Энди уларга кетаётган қанчадан-қанча катта маблағлар ҳақида ўйлаб кўрайлик. Агар улар бир-икки йилда сифатини йўқотса, ишлатишга яроқсиз бўлиб қолса, яна шунча ҳаражат бўлишини кўз олдимизга келтирайлик.

Шунинг учун дарсликлар ижараси бепул бўлиши ҳар бир ота-она, ҳар бир ўқувчидан алоҳида масъулият талаб этади. Борини қадрлаган янада яхшисига эришади. Зеро дарслик, китоблар фарзандларимизнинг бахтли ва фаровон келажаги асосидир.

 

Раънохон НАЗАРОВА,

Халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши депутати.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш