Озиқ-овқат танқислиги бугун бирданига юзага чиқаётган масала эмас. Умуман олганда, 2020 йил пандемияда озиқ-овқат нархи сезиларли даражада ошган бўлса, ҳозиргача бу нарх-наво сақланиб қолинаётган эди. Лекин бу йилги ҳосил йиғим-теримидан сўнг нархлар барқарорлашиши, арзонлаши прогноз қилинаётган эди. Афсуски, бундай бўлмади. Чунки бутун дунёда ҳосилдорлик кутилган натижани бермади. Яъни, ноқулай об-ҳаво шароити, сув танқислиги каби қатор омиллар қишлоқ хўжалигига жиддий салбий таъсир кўрсатди.
Бундан кўринадики, ҳеч бир муаммо ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Унинг юзага келиш сабаблари мавжуд. Иқлим ўзгариши боис, хабарингиз бор, дунё глобал қурғоқчиликни бошидан кечирмоқда. Бундан ташқари, Россия-Украина уруши ҳам қайсидир маънода ҳамма соҳага салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўғит ва ёқилғи нархидаги катта ўсишлар буларнинг ҳаммаси биз юқорида таъкидлаган уруш фонида юз бермоқда. Энг ёмони, бундан қишлоқ хўжалигига жиддий зарар етмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда бутун дунёда 850 миллионга яқин одам тўйиб овқатланмайди. Ушбу кўрсаткич жорий йил икки баробарга ошиши мумкинлиги айтилмоқда. Африка қитъасининг ярмида очарчилик юз бериш хафви мавжуд. Тасаввур қилинг, миллионлаб болалар очликдан вафот этяпти. Бу жуда аянчли ҳолат.
Халқимиз таъбири билан айтганда “йўғон чўзилади, ингичка узилади”. Таассуфки, дунё ҳозир шундай вазият ёқасида турибди. Ҳар бир мамлакатда бўлгани каби юртимизда ҳам мазкур вазиятга қарши чоралар, кескинликни юмшатишга қаратилган тадбирлар устида бош қотирилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбари бошчилигида соҳага алоқадор идора ва ташкилотлар билан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда ҳам айнан ушбу масалалар кўтарилди. Уларнинг ечими билан боғлиқ фикр ва таклифлар билдирилди.
Биламизки, бугун бутун дунёда логистика билан боғлиқ муаммо мавжуд. Бирор-бир товар ёки маҳсулотни юртимизга олиб келиш бир нечта босқичда амалга оширилади ва уларнинг ҳар бирига маълум миқдорда ҳақ тўланади. Ушбу маблағлар суммаси бевосита товарнинг нархига қўшилади. Демак, нарх ошишига сабаб бўлади. Мисол учун, ички бозорда 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти импортга боғлиқ. Шу боис давлатимиз раҳбари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳокимликлар билан бирга ушбу маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар тайёрлаш вазифасини қўйди. Мақсад ушбу маҳсулотларни ўзимизда етиштириш орқали нархини барқарорлаштиришдан иборат.
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг мавсумий ўзгаришлари яни “нарх ўйнаши” ҳам кузатилади. Чунки қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 50 та туманда музлаткичли омборлар етишмайди. Оқибатда йиғим-терим мавсумида нархлар арзон, сабаби озиқ-овқат маҳсулотларини сақлайдиган омборлар етарлича эмас. Шу мақсадда, Президент вилоят ҳокимларига 50 та туманда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш қувватини кескин ошириш бўйича топшириқ берди.
Умуман олганда, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабани қондириш учун нимаики зарур бўлса, ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтилди. Келгусида ушбу ташаббуслар тўлиқ амалга оширилса, ўйлаймизки, кутилган натижага эришилади. Бунда савдогарлар, халқ тилида олиб-сотарларнинг сунъий равишда нархни ошириб олмаслигини назорат қилиш ҳам муҳим саналади. Демак, жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида биз ҳам фаоллик кўрсатишимиз лозим.
Само АБДУҒАНИЕВ,
Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши депутати.