Депутат эҳтиёжманд оилаларга ёрдам қўлини чўзмоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган Фаррух Бекмурзаев “Asia fruits garden” МЧЖ раҳбари сифатида қатор хайрли ишларга бош қўшиб келмоқда. Имом Бухорий маҳалласидаги 18 гектарли иссиқхона хўжалигида помидор, бодринг, карам, булғор қалампири ва қолаверса, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилиб, маҳаллий бозордан ташқари чет элга экспорт қилинаётгани ўнлаб оилалар моддий манфаатдорлигини таъминламоқда. Хусусан, сўнгги бир йилларда “Asia Fruits Garden” томонидан умумий қиймати қарийб 1,5 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот хорижий ҳамкор буюртмачиларга етказилгани фикримиз далили.

Шунингдек, мажмуа ҳудудида 780 тонна сиғимга эга музлатгич фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, халқимиз дастурхонини қишин-ёзин мева, сабзавот-полиз маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти яратилган. Бу ерда меваларни қуритиш ва қадоқлаш ускунаси ўрнатилиб, ташкил қилинган цехда қўшимча 5 та иш ўрни яратилган. Баҳор ойларида Фаррух Бекмурзаев жамоаси билан “Тинчлик”, “Бўзачи”, “Бўстон”, “Имом Бухорий”, “Навбаҳор”, “Жарқоқ”, “Чўлқувар” маҳаллаларида истиқомад қилаётган камхарж ва камдаромадли оилаларга иссиқхонада экиб ундирилган помидор, булғор қалампири ва бошқа кўчатлардан бепул тарқатади. Шунингдек, кооперация усулида ҳудуддаги қизиқувчан хонадонларга 100 бошдан жўжа тарқатиб, улар парваришини ҳам тизимли йўлга қўймоқда.

“Қоровулбозор нур обод” МЧЖ ҳамда йирик иссиқхона хўжалиги раҳбари сифатида меҳнат қилиб, элимиз дастурхонини тўкин қилишда ўз ҳиссасини қўшаётган тадбиркор Фаррух Бекмурзаев жорий йил бошида яна бир истиқболли лойиҳани амалга оширди. Когон туманининг Сарой қишлоғида 15 гектар ер майдонини ўз тасарруфига олиб, бугунги давр талаби, бозор ва аҳолининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда парҳезбоп товуқ гўшти ва тухум етиштиришда паррандалар учун омухта ем – таркиби оқсилга бой комбикорм ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Шу кунларда корхонада 30 минг бош бройлер йўналишидаги товуқ парвариши бошлаб юборилган бўлиб, цех ва товуқхонада 30 киши иш билан таъминланган.

Яқинда Жанубий Корея Республикасига хизмат сафари билан борган Бухоро вилояти делегацияси таркибида қоровулбозорлик тадбиркор, депутат Фаррух Бекмурзаев ҳам бор эди. Жанубий Кореяга қилинган ташриф натижасида “HIBI International Co. LTD” компанияси билан яқин ҳамкорликда қиймати 50 миллион АҚШ долларига тенг бўлган паррандачилик комплексини ташкил қилиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан англашинув меморандуми имзоланди. Мазкур келишув натижасида 2023–2024 йиллар давомида корхонага тўғридан-тўғри киритиладиган хорижий инвестиция ҳисобидан қўшимча 120 та янги иш ўрни яратиш ҳамда йиллик қуввати 5 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилиши кутилмоқда. Маълумот учун, депутат ҳамда тадбиркор Фаррух Бекмурзаев 2020 йилда Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланган эди.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш