Қорақалпоғистонда Президент Фармонининг мазмун ва моҳияти тушунтирилмоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши томонидан Қораўзак, Тахтакўпир туманларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 август кунги "Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-213 сонли Фармонининг мазмун ва моҳиятини тушунтириш ва тарғиботига бағишланган учрашувлар бўлиб ўтди.

Йиғилишларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов батафсил маъруза қилди.

Яъни давлатимиз раҳбарининг "Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги, “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонлари, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқининг мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Ҳусусан, тадбиркорлик субъектларига шароитлар яратиш, шу орқали аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида фойда солиғи ставкаси 15 фоиздан 7,5 фоизга камайтирилиши, айланма солиқ ставкаси Нукус шаҳрида 4 фоиздан 2 фоизга, туманларда 2 фоиздан 1 фоизга, олис ҳудудларда 1 фоиздан 0,5 фоизга, мол-мулк ва ер солиғи ставкалари 2 бараварга камайтирилиши бўйича имтиёзлар ҳақида айтиб ўтилди. Шунингдек, ҳар бир кам таъминланган оилаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилиши, 2022/2023 ўқув йили учун Қорақалпоғистон Республикасида умумий ўрта, ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларини тамомлаган 500 нафар, кейинги йиллар учун ҳар йили 1 сентябрга қадар 6500 нафар ёшларни вилоятлардаги давлат олий таълим муассасаларига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилиниши, 2022 йил 15 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида истиқомад қиладиган ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар учун темир йўл ва авиабилетлар чипталарини сотиш 50 фоизлик имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилиши ҳақида тушунтиришлар берилди.

Йиғилишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари ушбу масалалар тўғрисида аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориши юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш