Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.
Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунда белгиланган бюджет параметрлари доирасида, шунингдек, жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараёнларни инобатга олган ҳолда ва коронавирус пандемияси туфайли юзага келган глобал инқироз оқибатларини бартараф этишга оид қабул қилинган Президент фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари ҳамда Инқирозга қарши курашиш комиссиясининг қарорлари ижросини таъминлашга йўналтирилган.
Дунёда кечаётган мураккаб вазият, иқтисодий муносабатлардаги нобарқарорликларга қарамасдан ҳисобот даврида Ўзбекистон иқтисодиётининг барча тармоқ ва соҳаларида ижобий ўсиш тенденциялари кузатилмоқда. Натижада мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажмини 5,4 фоизга, экспорт ҳажмини 40 фоизга, аҳолининг умумий даромадларини ўтган йилга нисбатан 22,5 фоизга ошганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу эса иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланаётганлигини кўрсатмоқда.
Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари белгиланган режага нисбатан ошириб бажарилганлиги, аниқланган харажатлар режасига нисбатан 95 фоизни ташкил қилгани мамлакатимизнинг бюджет барқарорлиги сақланиб қолганлигидан далолат беради. Бунга маълум даражада иқтисодий фаолликнинг ошганлиги, даромадлар ошаётгани ҳамда легаллаштирилаётгани ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Шу даврда Давлат бюджети умумий харажатларининг 52,4 фоизи ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилгани “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дастурини амалга оширишга имкон яратади.
Иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатлари ҳамда давлат бюджети барқарорлигига эришилганлиги натижасида ижтимоий харажатлар ўз вақтида молиялаштирилмоқда. Ҳисобот даврида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида бюджетдан ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобига молиялаштирилишда узилишлар кузатилмаган.
Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва масъул қўмита йиғилишида амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, айрим хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилгани айтиб ўтилди. Айрим вазирлик ва идоралар томонидан ривожлантириш дастурлари учун харажатлар ва капитал қўйилмалар тўлиқ ўзлаштирилмаётганлиги депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Бундай ҳолатлар Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирлиги муассасаларида, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва бошқа бир қанча ташкилот ва муассасалар фаолиятида кузатилмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, бундан 5-6 йил аввал бюджетдан маблағ ажратишда муаммолар юзага келар эди. Бугунги мухокамалардан кўриш мумкинки, айни пайтда бюджетдан молиялаштириш борасида жиддий муаммолар бартараф этилган бир ҳолатда, маблағни ўз вақтида ўзлаштиришда қийинчиликлар кўзатилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ялпи мажлисда Молия вазирлиги ва бошқа тегишли вазирлик ҳамда идораларнинг эътибори қуйидаги масалаларга қаратилди.
Биринчидан, давлат дастурларида бюджет маблағлари ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган ижтимоий соҳа объектларини ўз вақтида тайёр ҳолга келтириш, бюджет харажатларининг мақсадли индикаторларининг ижросини таъминлаш, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига оид лойиҳаларни амалга оширишга ажратилган маблағлардан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланилиши устидан таъсирчан назорат тизимини ўрнатиш, ушбу маблағларнинг натижадорлигини таъминлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини такомиллаштириш таклиф этилди.
Иккинчидан, Молия вазирлиги Давлат бюджетида кўзда тутилган харажатларни ўз вақтида қатъий равишда тасдиқланган меъёрлар доирасида йил якунигача бўлган давр учун амалга оширилишини таъминлаши, ортиқча бюджет маблағларига йўл қўймаслиги, самарасиз ва паст самарали харажатларни мақбуллаштиришга оид чораларни биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар билан биргаликда кўриши мақсадга мувофиқ деб топилди.
Учинчидан, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдирилган маблағларни мақсадли ва самарали сарфланиши устидан амалдаги қонунчилик талабларига кўра назоратни таъминлаш билан боғлиқ чоралар кўрилиши қайд этилди. Бу борада бюджетдан маблағ олувчилар томонидан бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ҳамда асоссиз харажатларни амалга ошириш ҳолатларининг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, қонунбузилишларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан назорат механизмини ўрнатиш ишларини ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.
Умуман олганда, депутатлар иқтисодиёт соҳаларининг барқарор ишлаши, макроиқтисодий ўсиш ва нархлар айниқса озиқ овқат маҳсулотлари нархларини барқарорлигини таъминлаш орқали аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган тизимли чораларни давом эттириш борасида хукумат идораларига аниқ таклиф ва тавсиялар берди.
Зеро, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан йўналтирилаётган маблағларнинг натижадорлигини таъминлаш борасида қуйи палатанинг масъул қўмиталари тегишли вазирлик ва идоралар бўйича мақсад индикаторларига оид маълумотларни янада чуқурроқ таҳлил қилиб бориши Парламент назорати нуқтаи назаридан Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий тараққий этиш йўлида янада самаралироқ фойдаланишга хизмат қилади.
Шарофиддин НАЗАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси,
ЎзХДП фракцияси аъзоси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.