Гендер тенгликни таъминлашда Ўзбекистон илғор мамлакат

 

Ўзбекистон халқаро майдонда ўз сўзи ва ўрнига эга ишончли давлатга айланиб бормоқда. Пойтахтимизда бошланган Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити фикримизга мисол бўла олади. Шу пайтгача МДҲ мамлакатларининг бирортасида ҳам мазкур тузилма саммити ўтказилган эмас. Ўзбекистон бу борада биринчи бўлди. Бу бежизга эмас. Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, ўзгаришлар, гендер тенглик борасида олинган мажбуриятлар оғишмай амалга оширилаётгани республикамизга бўлган ишончни мустаҳкамлади. Мана бир мисол. "Парламентлараро иттифоқнинг 2021 йилги “Сиёсатдаги аёллар” халқаро рейтингида Ўзбекистон хорижий мамлакатлар орасида 45-ўринни эгаллаб, топ-50 таликдан жой олган. Шу кунга қадар республикамизда халқаро ҳуқуқ нормалари ва стандартларга мувофиқ 2 та қонун, 40 га яқин қонуности ҳужжатлари қабул қилинган.

Ҳозирги вақтда мамлакат ривожланиши йўлида ҳамкорлик қилиш ва ҳамжиҳатликда ишлаш учун аёл парламентарийлар платформаси орқали хотин-қизларнинг сиёсий майдондаги ўринларини мустаҳкамлашга эътибор кучли. Бугун олдинда парламентдаги ва вакиллик органларига сайланган депутат аёлларнинг фаоллигини ошириш, амалий фаолиятида қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиш, берилган ваколатли имкониятлардан тўлақонли фойдаланган ҳолда жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш, хотин-қизларни таълимга кенг жалб этиш ва касб-ҳунарга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларга, айниқса, қишлоқларда сифатли тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш, хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли ишларни амалга ошириш, оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш, уларни «Аёллар дафтари» орқали манзилли қўллаб-қувватлаш, тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш каби вазифалар турибди.

Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга ошириш жараёнида парламентдаги аёлларнинг иштирок этиши мамлакат олдида турган долзарб масалаларнинг оптимал ечимини топишга туртки бўлади. Бунинг учун парламент аёлларининг билими, тажрибаси, малакаси узлуксиз равишда юксалиб бориши талаб этилади.

Афсуски, сўнгги йилларда дунёнинг деярли барча давлатларида пандемия туфайли савдо-иқтисодий алоқаларнинг қисқариши, ижтимоий ҳаётнинг турли йўналишларида хатарларнинг ортиши, ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайиши, ишсизлик даражаси ошиши кузатилмоқда. Тадбирда таъкидланганидек, пандемия даврида айнан хотин-қизлар кўпроқ азият чеккан. Жумладан, меҳнат бозорида фаолият юритаётган аёлларнинг 5 фоизи ишсиз қолди. Оилаларда юзага келган мураккаб вазият ортидан хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайди, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолати кескин ёмонлашиши оқибатида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг сони ортди. Мана шундай оғир бир шароитда халқаро ҳамжамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, бир-бирига хайрихоҳлиги натижасида вазият анча яхшиланди. Бироқ, пандемия ҳали давом этаётган, унинг асоратлари буткул барҳам топмаган бир шароитда бу борада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, қонунчилик, халқаро стандартлар ва нормаларни янада такомиллаштириш давр талаби бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон бу йилги саммитнинг мезбони сифатида гендер тенглиги, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш ва гендер зўравонлигига қарши курашда сезиларли ютуқларга эришди. Афсуски, жаҳоннинг ҳамма ўлкаларида ҳам вазият бундай эмас. Ҳар бир аёл ва қиз учун хавфсиз ва тенг дунёни яратиш учун бизга кўпроқ аёл раҳбарлар керак. Ўйлайманки, саммит орқали барқарорлик ва фаровонликни самарали таъминлаш учун гендер тенглик ҳамда хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича парламентлар учун устувор йўналиш ва ҳаракатларни белгилаб бериш имкониятига эга бўлинади.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш