Ўзлигимиз, дину-диёнатимиз, маънавиятимиз, тарихимиз ва ўтмиш меросимизни тилларимизу дилларимизга қайтарган Мустақиллик қуёши балқиганига ҳам мана ўттиз бир йил тўлди. Байроғимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти олдида мағрур ҳилпираб, халқимизни, давлатимизни тенглар орасида тенг бўлган майдонга қайтганига ҳам шуняча вақт бўлган бўлса-да, кейинги олти йилда улкан бунёдкорлик, аҳил қўшничилик, тараққиёт, инсон қадри улуғланаётган юрт сифатида жаҳон ҳамжамияти Янги Ўзбекистонни қайтадан кашф қилди.
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”, деган тушунча бугун амалга оширилаётган ҳар бир фаолиятимизда йўлчи юлдуз вазифасини бажармоқда. Энг муҳими, бу эзгу ғоя халқимиз асрлар давомида улуғлаб келган тушунчалар билан ҳамоҳанг тарзда инсонлар қалби, дунёқарашидан жой олиб улгурди. Одамларимиз бугунидан рози бўлиб, эртанги кунига умид билан қарамоқдалар.
Яқинда бўлиб ўтган Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаларида одамларимизнинг мамлакатимизда кечаётган барча жараёнларга бефарқ эмаслиги айниқса яққол кўзга ташланди.
Бугун Ўзбекистон халқи том маънода инсон қадри улуғ, деган ғоя асосий мезон ҳисобланган жамият барпо этишга киришдилар.
Тарихга назар солсак, халқ қалбидан жой олган ҳар қандай ғоя кўп ўтмай умумхалқ ҳаракатига айланганига, оламни ҳайратга соладиган янгиликларга асос бўлганини кўришимиз мумкин. Мустақиллик сабаб, қўлга киритган улкан ютуқларимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этишимизда пойдевор бўлаётгани ҳам асли шундан.
Давлатимиз раҳбарининг кечагина бўлиб ўтган байрам тадбиридаги нутқларида, кенг жамоатчиликлар билан учрашувларида ҳам ҳар биримизни тинчлик, Мустақилликни қадрлашга чорлаш билан аввал ким эдигу, бугун ким бўлдик, эртага яна қандай юксак марраларни эгаллаш ҳақида ҳаммамизни ўйлашга ундайдилар.
Одамларнинг байрам шукуҳидан кайфиятлари чоғ шундай онларда пойтахтимизда Парламентлараро иттифоққа аъзо мамлакатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити ўз ишини бошлади. Тадбир очилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саммит иштирокчиларига мурожаати ўқиб эшиттирилди. Унда “Бундай форматдаги учрашув юртимизда илк бор ўтказилаётгани, бу мамлакатимиз, жумладан, парламентаризм ва гендер сиёсатни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар натижаларининг халқаро ҳамжамият томонидан эътирофи эканлиги таъкидланди.
Президентимиз Парламентлараро иттифоқнинг кўп форматли майдони халқаро кун тартибидаги кўплаб долзарб масалаларга самарали ечим топишга хизмат қилишига ишонч билдирди ҳамда саммитнинг барча иштирокчиларига самарали фаолият ва муваффақият тилади.
Саммитда БМТ, Парламентлараро Иттифоқ ва унга аъзо мамлакатлар парламентлари палаталарининг аёл-спикерлари, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, 17 та давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этмоқда. Ўйлаймизки, унда кўриладиган масалалар юртимиз равнақи, жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшади.
Юртимизда истиқомат қилиб келаётган кўп миллатли юртдошларимиз, маслакдош фаолларимиз, барча-барчани энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллик байрами билан яна бир бора чин қалбдан қутлаймиз. Янги Ўзбекистонда бугунимиз кечамиздан, эртамиз бугунимиздан яхшироқ, ёруғроқ бўлишига ишонамиз.
Ўрол ЎРАЗБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.