Барчамиз кўриб, эшитиб гувоҳи бўлаётганимиздай кейинги йилларда хотин-қизларнинг олий маълумот олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун жуда кўплаб имтиёз, иконият ва шароитлар яратилиб берилмоқда. Бундай имкониятлардан тўғри фойдаланиш мақсадида хотин-қизларнинг ҳам олий маълумот олишга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, жорий йилда абитуриентлар орасида хотин-қизларнинг улуши эркакларга қараганда кўпроқни ташкил этган. Яъни тестга кирган абитуриентларнинг 571 минг 719 нафари аёллар, 502 минг 103 нафари эса эркаклар бўлган.
Бундан ташқари республикамизнинг 14 та ҳудудининг барчасида хотин-қизлар тўплаган ўртача баллар ҳам йигитларга қараганда яхшироқ натижани кўрсатган. Қизлар ўртача 66,8 балл, йигитлар эса 63,7 балл олишган.
Шунингдек, ўтган йили талабаликка қабул қилинганларнинг 60 фоизи хотин-қизлар бўлган. Натижалардан кўриниб турибдики, хотин-қизларнинг фаоллиги яққол сезилмоқда.
Бугунги кундаги талабалар муаммоларидан бири уй-жой, ётоқхона бўлса, иккинчиси, тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни шартнома пулини тўлаш ва таълим кредитини олиш масаласи қийнамоқда. Ва бу борада кўпгина мурожаатлар ҳам келиб тушмоқда.
Жорий йилнинг июль ойида Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида тўлов контракт асосида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим олишини кенгайтириш мақсадида “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор билан хотин-қизлар учун таълим кредитлари ажратишнинг янги тизими жорий этилди. Қарорга кўра 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида уларга фоизсиз таълим кредити ажратиш белгиланган. Ушбу кредит бўйича фоиз ставкалари тўлиқ давлат бюджетидан қопланади.
Таълим кредитини олган хотин-қизлар расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг, яъни ўқишни битиргандан кейин еттинчи ойдан бошлаб, 7 йил давомида кредитнинг асосий қарз қисмини қайтарадилар холос. Таълим кредитини олиш истагида бўлган хотин-қизларга енгиллик яратиш мақсадида, ҳозирда талаба хотин-қизларга фоизсиз кредит берадиган 12 та тижорат банки рўйхати эълон қилинди. Иловада берилаётган банклар масъулларига мурожаат қилган ҳолда хотин-қизлар тез ва осон таълим кредитини олиш имконига эга бўладилар.
Гулшан Асатова,
ЎзХДП “Аёллар қаноти” раҳбари.