Қонунчиликка гендер аудит ва комплекс гендер ёндашув тушунчалари киритилмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди.

Маъулмки, кейинги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича бир неча йўналишларда фаол ислоҳотлар олиб борилмоқда. Фракция йиғилишида иккинчи ўқишда кўриб чиқилган қонун лойиҳаси ҳам шулар жумласидандир.

Қонунчиликка гендер аудит ва комплекс гендер ёндашув тушунчалари киритилмоқда. Гендер аудит-ташкилотда комплекс гендер ёндашувини, шунингдек, уларнинг бажарилишини қўллаб-қувватловчи тизим қанчалик йўлга қўйилганини аниқлайди, баҳолайди ва муаммоларни ҳал қилиш усулларини тавсия қилади, самарали стратегияларни таклиф қилади.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда халқарога асосланилган, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг «Гендер аудитини ўтказиш бўйича йўриқнома»сида ҳам гендер аудит тушунчаси берилган. Унда гендер аудити – фаол иштирок тамойилларига асосланган инструмент ва жараён ҳисобланиши белгиланган. Яъни, у ташкилотнинг комплекс гендер ёндашувини амалда самарали қўллаш жараёнига ёрдам беради.

Гендер аудитини ўтказиш тартиби 82-модда билан белгиланаётган бўлиб, ҳар уч йилда тасдиқланадиган режа асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларда жамоатчилик назорати доирасида ўтказилиши назарда тутилмоқда. Фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан ўз-фикр мулоҳазаларини билдириб, унинг қабул қилиниши жамиятда давлат органлари ҳамда ташкилотларида гендер аудитларни ўтказишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиши, шунингдек, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли бандлиги соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун кафолатланган тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашни кучайтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Янада такомиллаштириш бўйича айрим тавсиялар берилгач, қонун лойиҳаси 2-ўқишда маъқулланди.

Шунингдек, депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисидаги қонуни ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Хамраевга «Сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида» Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш масаласи ҳам муҳокама қилиниб, ташаббус қўллаб-қувватланди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш