Юртимиз дунё миқёсида музокаралар ўтказиладиган мамлакатга айланиб бораётгани ҳаммамиз учун қувонарли ҳолат. Мамлакатимизда 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммитига жуда катта ва муносиб ҳозирлик кўрилди. ШҲТ саммити сўнгги йиллардаги Евроосиё минтақасидаги энг йирик халқаро сиёсий форумлардан бири бўлиши шубҳасиз.
Президентимизнинг тарихий учрашув ҳақидаги мақоласини ўқиб чиқарканман, Ўзбекистоннинг нақадар муҳим музокаралар ўтказилишига мезмонлик қилаётганини теранроқ тушундим.
Маълумки, 2021 йил 16 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги саммитда ушбу нуфузли ташкилотга 2021-2022 йилларда Ўзбекистон раислик қилиши ҳақида қарор қабул қилинганди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўтган йилларда катта ривожланиш йўлини босиб ўтди. Мазкур ташкилот 2001 йилда тузилган бўлса, ҳозирга келиб унга аъзо давлатлар салмоғи ортди. Ўтган 20 йил давомида ташкилот халқаро доирада нуфузини тобора мустаҳкамлади.
Давлатимиз раҳбари мақоласида дунёнинг турли жойларида давом этаётган қуролли можаролар савдо инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасида муаммолар янада кескинлашиб бораётгани ҳақида долзарб фикр билдирилган.
Шунингдек, глобал иқлим ўзгариши, таббий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши жамиятларимизнинг заиф томонларини янада яққол кўрсатиб бераётганини, бу муаммолар инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган муштарак қадрият ва неъматларнинг емирилишига олиб келиши, одамларнинг ҳаёти ва фаолиятига таҳдид солаётгани, даромад манбаларининг қисқаришига олиб келаётгани алоҳида таъкидлаган.
Бу каби муаммоларни ҳеч бир давлатнинг якка ўзи ҳал этолмаслиги, бунинг учун бирдамликда ўзаро келишиб, жипслашиш кераклиги қайд этилган.
Хақиқатдан ҳам, жуда тўғри ва салмоқли фикрлар. Чунки ҳар қандай муаммо ва масалани биргаликда, жипслашиб ҳал қилиш лозим. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида кузатилган пандемия пайтидаги ҳолат ҳам ҳаммамизга маълум. Мамлакатлар бир-бирига ёрдам қўлини чўзиши, айниқса, вакцина масаласида бири-бирини қўллаб-қувватлаши инсониятни янада катта ва мудҳишроқ кулфатлардан асради.
Ушбу тарихий учашув мамлакатимизда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишда ўзига муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман.
ШҲТ ҳамжамияти сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилотдир. Давлатимиз раҳбари бир фикрни алоҳида таъкидлаб ўтган. Яъни, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти кучли бўлиши учун аввало шу ташкилотга аъзо давлатлар кучли бўлиши лозимлигига урғу берилган. Бу ўзига хос шиор сифатида қайд этилган. Дунёнинг турли нуқталарида кузатилаётган қуролли низолар, қонли тўқнашувларнинг асосий сабабларидан бири ҳам ҳар икм кўрпани ўзига қараб кўпроқ тортишга уринаётгани билан боғлиқ бўлмоқда. Самарқанд саммити ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича долзарб келишувлар билан тарихда қолади, деб ўйлайман.
Мазкур саммит ҳамкор давлатлар билан стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликнинг барча жиҳатларини кўриб чиқиш, сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни яхшилашга эришишига ишонамиз.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.