Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун яна бир имконият яратилмоқда

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли Ўзбекистон 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисидаги ПФ-6079-сон Фармони билан тасдиқланган Йўл харитасининг 3-бандига асосон “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилган. Мазкур қонун лойиҳаси куни кеча Олий Мажлис юқори палатаси томонидан маъқулланди.

Мазкур Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш зарурати ва аҳамияти шундаки, амалдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун, электрон тижорат соҳасида муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг амалдаги тизими соҳа ривожланишининг тез ўзгарувчан тенденцияларига мос келмайди. Биргина пандемия даврида бозор муносабатларида аввал дуч келмаган вазиятларда ҳам маҳсулотларнинг олди-сотдисини амалга оширишга тўғри келди, бу эса, электрон тижоратнинг оммабоплигини ошириш зарурати мавжудлигини кўрсатди.

Айниқса, камбағалликни қисқартириш бўйича олдимизга улкан вазифалар қўйилган бир даврда, иқтисодиётнинг бир қанча соҳаларида фаолиятни вақтинча тўхтатиб туриш ишсизлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарди.

Янги тахрирдаги Қонун орқали бир қанча имкониятлар яратилмоқда, жумладан, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг электрон тижоратдаги иштироки ҳам қонун билан ҳимояланмоқда. Эътиборлиси шундаки, амалдаги қонунда фақат сотувчиларнинг ҳуқуқлари белгиланган бўлса, янги таҳрирдаги қонунда электрон тижорат операторлари, товарларни етказиб берувчи субъектларга қўйиладиган талаблар, шунингдек, сотувчи ва харидорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ нормалар билан белгиланмоқда.

Инсофсиз рақобат, харидорларнинг сифатсиз маҳсулотларни харид қилишларини олдини олишга қаратилган нормалар ҳам белгилаб берилмоқда. Сифатсиз маҳсулотларни қайтариб бериш, сифатлисига алмаштириш ёки тўлов механизмлари жорий этилмоқда. Бу ўз навбатида харидорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Электрон тижорат соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, давлат органларининг иштироки ва уларнинг вазифалари очиб берилмоқда, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, зарур инфратузилмани шакллантириш, электрон тижоратда тўловларни амалга ошириш бўйича имкониятларни яратиб бериш каби вазифалар аниқ белгиланмоқда. Бу эса маҳсулотларни бозорда айланмасини бир неча бор оширишга хизмат қилади.

Ушбу қонун кучга кириши билан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг электрон тижоратда иштирок этишини, бозор муносабатларида барча учун тенг имкониятларни яратиб беради.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш