Бугун Самарқанд ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи саналаётган ШҲТга аъзо давлатлар фаровонлиги ва равнақига хизмат қилувчи саммит мезбонлигига тайёр. Самарқанднинг урашув жойи сифатида танланиши қадимий шаҳарнинг тарихий аҳамияти билан боғлиқ.
Самарқанд Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган 2750 йиллик тарихга эга шаҳар бўлиб, азалдан цивилизация маркази, Ғарб ва Шарқни боғловчи кўприкдир. Сўнгги йилларда шаҳар бир қатор йирик форумларга мезбонлик қилди, халқаро дипломатияда “Самарқанд руҳи” деган тушунча пайдо бўлди.
Ер юзининг сайқали, кўҳна ва бетакрор шаҳар тарихда бўлгани каби бугун ҳам муҳим ўзгаришларга юз тутган Ўзбекистоннинг айни ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга. Самарқанднинг дунёга машҳур муқаддас ва бетакрор қадамжолари, тарихий обидалари ҳар қандай туристни зиёрат қилишга чорлаши, шубҳасиз.
Самарқанд анжумани минтақада энг катта нуфузга эга 15 нафар давлат раҳбарлари пандемиядан сўнг илк бор бир стол атрофига тўпланиб, ечимини кутаётган глобал муаммолар билан бирга ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.
Самарқанд саммити Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тарихий солномасидан муҳим ўрин эгаллайди ва ташкилот ривожини янги босқичига олиб чиқади. Қабул қилинадиган қарорлар минтақавий даражада ҳам, глобал миқёсда ҳам мулоқот, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади.
Саммитнинг асосий мақсадларидан бири — ШҲТ оиласини янада кенгайтириш масаласидир. Чунки давлат раҳбарлари кенгаши доирасида ШҲТга аъзолик мақомини олиш учун Эрон Ислом Республикасининг мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланиши кутиляпти.
Шунингдек, ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик давлатлари аъзолигини кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилиниши, ШҲТ ва қатор халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилмоқда. Йил давомида ўтказилган саксондан ортиқ йирик тадбирлар доирасида ШҲТ учун кенг қамровли кун тартиби шакллантирилди.
Президентимизнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласида келтирилганидек, ШҲТнинг Самарқанд саммити умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўла олади.
Бир сўз билан айтганда, ШҲТнинг Самарқанд саммити ана шу қарашларни ифода этиб, сайёрамиз тинчлиги ва хавфсизлиги, дунё мамлакатлари тараққиёти ва фаровонлигига хизмат қилишига ишончимиз комил. Зотан, бўлажак саммит нафақат ШҲТ учун муҳим воқеа бўлади, балки ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очиши, шубҳасиз.
Дилбар МАМАДЖАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.